Экология, атроф-муҳит ва иқлим ўзгариши вазирлигида мурожаатларни қайд этиш, умумлаштириш, тизимлаштириш, уларни кўриб чиқиш устидан мониторинг ва назорат қилиш бўйича электрон ахборот тизими жорий этилган.
2023 йилнинг ўтган даврида вазирликка жисмоний ва юридик шахслардан жами 3 минг 494, виртуал қабулхона орқали 3 минг 962 мурожаат келиб тушган.
Сенатнинг Оролбўйи минтақасини ривожлантириш масалалари ва экология қўмитасининг мажлисида бу рақамлар қайд этилиб, мурожаатлар қандай ҳал этилаётганига эътибор қаратилди.
Мурожаатлар билан ишлаш бўйича қатор камчиликларга йўл қўйилгани қайд этилди. Айрим мурожаатларни кўриб чиқиш масаласи якунига етказилмаган, айримларига фақат тушунтириш бериш билан чекланилган, холос.
Сенаторлар томонидан аҳоли мурожаатлари билан тизимли ишлашни ташкил этиш, уларни ўз вақтида кўриб чиқиш, тезкор ўрганишлар ўтказиш, жамоатчилик билан ишлаш механизмларини янада такомиллаштириш бўйича тегишли таклиф ва тавсиялар берилди.
Мажлисда, шунингдек, экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида иш юритаётган ННТлар билан ҳамкорликни янада фаоллаштириш масалалари кўриб чиқилди.
Жамоат ташкилотлари вакиллари қўмита экспертлар гуруҳи ва ишчи гуруҳлар таркибида, қонун ижодкорлиги, назорат-таҳлил ишларини ташкил этиш ва бошқа тадбирларга кенг жалб этилмоқда.
Экология ва соғлиқни сақлаш соҳасидаги ННТлар маълумотлар базаси шакллантирилиб, улар билан ҳамкорликда қўшма дастурлар ва режалар, илмий-амалий ва тарғибот тадбирлари ташкил этиш амалиёти йўлга қўйилган. Уларнинг ижтимоий аҳамиятга молик муаммоларни ҳал этишга йўналтирилган ташаббусларини қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Келгусида аҳолининг экологик маданиятини ошириш, уларнинг атроф – муҳит ҳолати тўғрисидаги ишончли ахборотга эга бўлиш ҳуқуқларини таъминлаш, атроф – муҳит муҳофазасида жамоатчилик фаоллигини ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратиш лозимлиги қайд этилди.
Мажлисда Сенатнинг навбатдаги ялпи мажлиси кун тартиби доирасида муҳокама қилиш режалаштирилган қонунлар ҳам кўриб чиқилди.
“Ўсимликларни ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунда асосий тушунчалар, шунингдек, кимёлаштириш ва ўсимликларни ҳимоя қилиш воситаларини рўйхатга олиш ҳамда улар билан боғлиқ ишларни хавфсиз амалга оширишга доир талаблар назарда тутилмоқда.
Қонун ўсимликларни ҳимоя қилиш соҳасидаги кадрлар салоҳиятини ривожлантиришга, ўсимликлар карантини давлат инспекторлари томонидан ўтказиладиган текширишларнинг тартибини такомиллаштиришга хизмат қилиши алоҳида таъкидланди.
Н.Абдураимова, ЎзА