Хабарингиз бор, яқинда Самарқанд шаҳрида овқатдан заҳарланиш ҳолати қайд этилди. Бунинг оқибатида 50 нафарга яқин инсоннинг соғлиғига путур етди.

Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси мазкур ҳолат юзасидан расмий муносабат билдирди:

2023 йил 14-15 август кунлари Самарқанд шаҳри Рудакий кўчасида жойлашган фастфуд таомларини тайёрлаш ва сотиш фаолияти билан шуғулланаётган “Бир зумда” савдо шохобчасида тайёрланган “Хот-дог”дан 49 нафар фуқаро заҳарланиб, “овқат токсикоинфекцияси” ташхиси билан вилоят юқумли касалликлар клиник шифохонасига ётқизилган.

Жорий йил 21 август ҳолатига кўра, шифохонада даволанишда бўлган беморларга кўрсатилган тиббий муолажалардан сўнг уларнинг аҳволи яхшилангани сабабли уйларига жавоб берилган.

Ўрганиш жараёнида “Хот-дог” тайёрлашда ишлатилган сабзи салати Самарқанд тумани Боғи тилло маҳалласида яшовчи фуқаро М.С. томонидан уй шароитида тайёрлангани аниқланди.

Сабзи салатини тайёрлашда иштирок этган хонадон аъзолари М.С. ва А.У.дан, иш анжомларидан, тайёр сабзи салати ва ичимлик сувидан намуналар олиниб, Санэпидқўмитанинг Самарқанд шаҳар бўлими лабораторияларига юборилди.

Шунингдек, “Бир зумда” савдо шохобчасида ваколатли орган билан келишилган тартибда 2023 йил 18 август куни текшириш ўтказилди. Текшириш давомида савдо шохобчасида технологик эҳтиёжлар учун ишлатилаётган иш анжомлари маркировкаланмагани, идиш ювиш хонаси санитария қоида ва меъёрларига жавоб бермаслиги ҳамда савдо шохобчасида уй шароитида тайёрланган, хавфсизлиги кафолатланмаган салатларнинг ишлатилишига йўл қўйилгани аниқланди.

Бу эса “Умумий овқатланиш корхоналарига қўйиладиган гигиеник талаблар тўғрисида»ги СанҚваМни ҳамда “Аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги тўғрисида»ги қонуннинг 24 – моддаси, «Озиқ-овқат маҳсулотларининг сифати ва хавфсизлиги тўғрисида»ги қонуннинг 14 – моддаси талаблари бузилганини кўрсатади.

Аниқланган камчиликлар юзасидан “Бир зумда”  савдо шохобчасининг иш фаолияти 18 августдан вақтинча тўхтатилди.  Корхона раҳбари А.А.га маъмурий баённома расмийлаштирилди.

ЎзА