Қозоғистоннинг Қарағанда вилоятидаги кўмир конида юз берган ёнғин ортидан жиноий иш қўзғатилди. Бу ҳақда “Казинформ” ёзди.

Вилоят прокуратураси матбуот хизмати хабарига кўра, Шахтинск ИИБ томонидан ушбу ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 277-моддаси 3-қисми билан терговга қадар суриштирув олиб борилган.

“Қозоғистон” конида 17 августь куни соат 10.05 да Д6 кўмир қиялигида ишлаётган конвейер ёниб кетди. Шундан сўнг дарҳол фавқулодда вазиятни бартараф этиш режаси ишлаб чиқилди. Воқеа содир бўлган пайт 227 киши ер остида эди. Ишчилар эвакуация қилинган.

Расмийлар ёнғин оқибатида ҳалок бўлган икки кончининг жасади топилганини маълум қилди. Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси маълумотига кўра, ҳозиргача бахтсиз ҳодиса қурбонлари сони 8 кишига етган.