Пойтахтимиздаги “Туркистон” саройида 3 май – Жаҳон матбуоти эркинлиги кунига бағишлаб таъсис этилган журналистика соҳасидаги “Олтин қалам” ХIII Миллий мукофоти учун халқаро танлов ғолиб ва совриндорларини тақдирлашга бағишланган тантанали маросим бўлиб ўтди.
Шу муносабат билан мазкур саройга Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари, Қонунчилик палатаси депутатлари, барча турдаги медиа тузилмаларнинг вакиллари, олий таълим даргоҳларининг профессор-ўқитувчилари, ёш ижодкорлар, мамлакатимиздаги дипломатик корпус ва халқаро ташкилотларнинг вакиллари таклиф этилди.
Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси раиси С.Ҳакимов ва бошқалар Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан мамлакат ҳаётида амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар жамиятимизга янгича нафас, теран нигоҳ, мутлақо ўзгача руҳ, одамлар тафаккурида кескин ижобий бурилишлар ясаганини таъкидлади. Давлатимиз раҳбари 2017 йил 22 декабрдаги Олий Мажлисга Мурожаатномасида жамиятимиз ҳаётида демократик принципларни мустаҳкамлашда оммавий ахборот воситалари муҳим ва таъсирчан омил эканига асосий эътиборни қаратди.
Айни пайтда юртимизда фаолият кўрсатаётган мулк шакли, йўналиши, ахборот узатиш тарзи турлича бўлган оммавий ахборот воситалари учун юқори билим ва малакага эга бўлган кадрлар зарурлигини, жамиятда кечаётган ислоҳотларнинг аҳамияти ва моҳиятини кенг жамоатчилик ва халқимизга тез, холис, ҳаққоний етказиб берувчи медиа-мутахассисларга бўлган талаб тобора ортиб бораётганини даврнинг ўзи кўрсатмоқда.
Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси ҳамда Журналистларни қайта тайёрлаш маркази томонидан Электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси, Мустақил босма оммавий ахборот воситалари ва ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди, Миллий телерадиокомпания, Маданият вазирлиги, Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси ва “Uzreport” ахборот агентлиги каби бир қатор ташкилотлар билан ҳамкорликда ўтказиб келинаётган “Олтин қалам” Миллий мукофоти учун халқаро танлов халқаро журналистиканинг энг юксак ютуқларини кенг оммалаштиришда алоҳида аҳамият касб этмоқда. Шу билан бирга мазкур танлов медиа соҳаси вакилларининг фуқаролик позициясини намоён этиши ҳамда журналистларда танқидий-таҳлилий мушоҳада ва ўз фаолиятларига янгича ёндашувни такомиллаштиришда муҳим омил бўлмоқда.
Маълумот ўрнида айтиш жоизки, танлов бу йил ўн учинчи маротаба ўтказилди. Миллий медиа оламда энг нуфузли бўлган “Олтин қалам” танловида ўтган йиллар давомида 6000 дан ортиқ журналистнинг 90 000 га яқин ижодий иши кўриб чиқилди. 260 нафар ҳамкасбимиз танлов ғолибига айланди. Мазкур танловларни ўтказиш ва ғолибларни тақдирлаш учун жами 1 миллиард 570 миллион сўм миқдорида пул мукофотлари ажратилди. Шунингдек, 80 дан ортиқ ижодкор мамлакатимизда фаолият олиб бораётган нуфузли халқаро ташкилотлар – БМТ, ЮНЕСКО, Европада Хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти, Жаҳон банки, ЮНЭЙДС, ЮСАИД, Словениянинг «Минтақавий мулоқот» халқаро ташкилоти ва чет эл дипломатик корпусларининг Ўзбекистондаги ваколатхоналари томонидан таъсис этилган мукофотлар билан тақдирланди.
Тақдирлаш маросимида ЮНЕСКО, Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги делегацияси, Европа Иттифоқининг Марказий Осиё минтақавий экология марказининг филиали (РЭЦЦА), ЮСАИДнинг Сил касаллигига қарши кураш дастури, DVV International (Германия), Гёте институти, «Минтақавий мулоқот» (Словения) каби халқаро ташкилотларнинг Ўзбекистондаги ваколатхоналари, АҚШ, Туркия, Озарбайжон, Грузия ва Хитой Халқ Республикаларининг элчихоналари, шунингдек, миллий ҳамкорлар – Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси, Мустақил босма оммавий ахборот воситалари ва ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди ҳам ўз мукофотларини топширдилар.
Тадбирда сўзга чиққанлар мамлакатимизда миллий журналистикани ривожлантириш йўлидаги эътибор учун миннатдорлик билдириб, бугунги тезкор давр ижодкорлардан ўз касбига садоқат, фидойилик, катта масъулият билан ёндашувни талаб этаётганини таъкидлади.
Тадбир доирасида таниқли санъат усталари, ўзбек миллий эстрадасининг юлдузлари ва ёш санъаткорлар иштирокида концерт дастури намойиш этилди.