“Ўзбекистон – 2030” стратегияси

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Бутунжаҳон чўлланиш ва қурғоқчиликка қарши кураш бўйича баёнотига кўра, 2050 йилга келиб қурғоқчилик дунё аҳолисининг тўртдан уч қисмидан кўпроғига таъсир қилади.

Жаҳон табиий ресурслар институти ва Британиянинг “Economist Intelligence Unit” ташкилоти тадқиқотларига кўра, 2040 йилга бориб сув танқислигига энг кўп учраши тахмин қилинаётган 33 давлат орасида Марказий Осиё мамлакатлари, хусусан, Ўзбекистон ҳам бор.

Эътиборли жиҳати Марказий Осиёда сувнинг 80 фоиздан ортиғи қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш учун ишлатилади. Шу боис, Ўзбекистонда сўнгги йилларда қишлоқ хўжалиги соҳасида сув тежовчи технологиялардан самарали фойдаланиш борасида салмоқли ишлар амалга оширилди. Жумладан, Ўзбекистон Президенти халқаро даражадаги тадбирлар ва минбарларда бир неча бор вужудга келиши мумкин бўлган сув танқислигини ҳамда экологик муаммоларни биргаликда ҳал этишга қартилган бир қатор ташаббусларни илгари суриб келмоқда.

“Ўзбекистон – 2030” стратегияси бешта устувор йўналишининг учинчиси ҳам айнан Сув ресурсларини тежаш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилишга қаратилган мақсадларни ўзида жамлаган. Хусусан, стратегия лойиҳасида сув ишлатиш самарадорлигини 25 фоизга ошириш, барча экин майдонларини тўлиқ сув тежайдиган технологияларга, ички суғориш тармоқларининг 50 фоизини ёпиқ қувурли суғориш тизимларига ўтказиш мақсад қилинган.

Шунингдек, сув етказиш тизимига илғор хорижий тажрибаларни кенг жорий қилган ҳолда тупроқ қопламали каналларни бетон қопламага ўтказиш бўйича етти йиллик чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилади. Шу билан бирга, узоқ муддатга мўлжалланган республиканинг сув ресурслари балансини ишлаб чиқиш ва унинг устидан доимий мониторинг ўрнатиш тизими жорий қилинади.

Сир эмаски, мамлакатимиз қишлоқ хўжалигида фойдаланилаётган сувларнинг асосий қисми қўшни давлатлар орқали кириб келади. Шу боис, стратегияда қўшни давлатлар билан сув ресурслари ва давлатлараро сув хўжалиги объектларидан биргаликда фойдаланиш масалаларида фаол икки томонлама манфаатли ҳамкорлик давом эттирилиши белгиланган.

Шу билан бирга, қишлоқ хўжалиги соҳасида сув ресурсларидан оқилона фойдаланишни таъминлашга ҳам алоҳида эътибор қартилади. Хусусан, қишлоқ хўжалигида сувни тежайдиган суғориш технологияларини жорий қилиш ва суғориладиган майдоннинг ҳар бир гектарига бериладиган сув ҳажмини 20 фоизга камайтириш орқали сувнинг маҳсулдорлиги оширилади. Ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш орқали 1 м3 сув билан суғорилган ер майдонидан 3,7 доллар миқдорида даромад олишга эришилади.

Маълумки, сувдан самарали фойдаланишда замонавий бошқарув тизимининг ҳам ўрни юқори саналади. Шу боис, 2030 йилгача камида 100 та йирик сув хўжалиги объектида автоматлаштирилган бошқарув тизимини жорий қилиш, ирригация соҳасига хусусий секторни жалб этиш, давлат-хусусий шериклик механизмларини кенг жорий қилиш ҳисобига хусусий инвестициялар оқимини кўпайтириш мақсад қилинган.

Умуман олганда, мамлакатимизни келгуси етти йилда ривожлантиришга қаратилган стратегия доирасида, глобал даражадаги экологик муаммолар таъсирини ўз вақтида бартараф этиш ва қишлоқ хўжалиги бошқаруви самарадорлигини ошириш орқали аҳолини арзон ва сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлашга ҳам алоҳида эътибор қартилган.

Олтиной МАМИРОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати.

ЎзА