Сувдан ноқонуний фойдалангани учун қисман электр тармоқларидан узилган фермернинг эътирози юзасидан Қорақалпоғистон Республикаси прокуратураси расмий муносабат билдирди.

Унда қайд этилишича, ҳеч кимга сир эмас, сув танқислиги йилдан-йилга жиддий тус олмоқда. Қорақалпоғистон Респуликасида ҳам сувдан оқилона фойдаланишга қаратилган самарали ва қатъий чораларнинг кўрилиши ҳаётий заруратга айланмоқда.

Ўтган 2022 йилда айрим фермерлар томонидан бир неча ўн минглаб гектар ноқонуний шоли майдонлари ташкил этилганлиги оқибатида, юз минг гектарга яқин пахта ва ғалла майдонлари, минглаб аҳоли томорқалари сувсизликдан азият чеккан. Ўзбекистон Республикаси Конституциясига кўра, прокурорлар Ўзбекистон Республикаси ҳудудида қонунларнинг аниқ ва бир хилда бажарилиши устидан назоратни амалга оширишга масъул. Шу жумладан, қишлоқ хўжалиги соҳасида қонунийликни таъминлаш ҳам прокурорларнинг устувор вазифаларидан бири.

Жорий йилнинг 6 ойида Қорақалпоғистон Республикаси прокуратура органлари томонидан қишлоқ хўжалиги соҳасида 203 та текширув ўтказилиб, 238 нафар масъулнинг жавобгарлиги ҳал қилинган, 165 нафар фуқаронинг бузилган ҳуқуқлари тикланди. Сувдан фойдаланишдаги қўпол қонун бузилиш ҳолатлари бўйича 14 та жиноят иши қўзғатилди. Минг афсуски, айрим фермерларимиз сувдан ноқонуний ва ўзбошимчалик билан фойдаланишга қаратилган ҳаракатларини давом эттирмоқда.

Хусусан, жорий йилнинг 4 июль куни “Қонликўл агро таъминот” фермер хўжалиги 8,3 гектар ер майдонига режасиз шоли экиб, насос агрегати орқали шоли майдонларига лимитсиз сув олгани аниқланиб, маъмурий чора кўриш учун суд муҳокамасига юборилган. Жорий йилнинг 8 август куни Қонликўл тумани ирригация бўлими томонидан ўтказилган текширувда “Қонликўл агро таъминот” фермер хўжалиги 8,3 гектар шоли майдонига насос орқали ўзбошимчалик билан сув олишни давом эттираётганлиги аниқланиб, тегишли тартибда ҳужжатлаштирилган.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 12 январдаги 22-сон қарори билан тасдиқланган “Электр энергиядан фойдаланиш қоидалари”нинг 70-бандида истеъмолчиларга электр энергияси етказиб бериш (маиший истеъмолчилар бундан мустасно) 100 фоиз олдиндан ҳақ тўлаш асосида амалга оширилиши белгиланган. “Қонликўл агро таъминот” фермер хўжалиги лимитсиз сув олинаётган насосдан электр энергия учун олдиндан тўлиқ тўловсиз ноқонуний фойдаланиб келинаётгани сабабли туман электр тармоқлари корхонаси томонидан тармоқдан қонуний ажратилган. Ирригация ҳамда электр тармоқлари корхонаси ходимлари ўзларига юклатилган вазифа ва ваколат доирасида ҳаракат қилган.

Аммо, электр тармоқлари корхонаси ходими фермер хўжалиги раҳбарининг асоссиз талаби билан насос агрегатини электр тармоғига қайта улаб берган. “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ Қорақалпоғистон ҳудудий филиали хулосасига кўра, туман электр таъминоти ходими насос агрегатини қайта улашда қонун талабларига зид ҳаракат қилган.

Расмий муносабатда қайд этилишича, мақсад – қишлоқ хўжалиги соҳасида қонунийликни таъминлаш орқали сувдан оқилона фойдаланилишига эришиш, сув танқислигининг олдини олиш, аҳолининг, айниқса, шимолий туманлар аҳолисининг сув танқислигидан азият чекишига йўл қўймаслик. Шу сабабли, бундан кейин ҳам бу соҳада ҳуқуқбузарликларнинг ҳар қандай кўринишига қонун доирасида қатъий муносабат билдириб борилади.

Довуд АБИБУЛЛАЕВ, ЎзА