Украина Президенти Владимир Зеленскийнинг Украинадаги можарони ҳал қилиш бўйича эълон қилган “тинчлик формуласи”даги 10 та бўлимнинг ҳар бирига изоҳ берилган “Украинанинг тинчлик формуласи фалсафаси” номли ҳужжат куни кеча Зеленский офиси сайтида эълон қилинди.
Ушбу ҳужжатда энг муҳим бўлимлардан бири Украинанинг радиациявий ва ядровий хавфсизлиги ҳисобланади, ушбу хавфсизликни таъминлашда МАГАТЭ ташкилоти “етакчилик қилиши керак” дейилган. Озиқ-овқат хавфсизлиги бўлими эса Украина агромаҳсулотларининг Қора денгиз портлари ҳамда EU Solidarity Lanes ташаббуси бўйича ташкил қилинадиган автомобиль, дарё ва темирйўл йўналишлари бўйича Европага тўсиқларсиз экспорт қилинишини назарда тутади. Бундан ташқари, мазкур режа мамлакатнинг энергетика инфратузилмаларини тиклаш, жумладан, Украина энергосоҳаси хавфсизлигининг халқаро мониторингини доимий қўриқлашни ташкил этишни ҳам назарда тутган.
“Украина суверенитети ва ҳудудий яхлитлиги Украина1991 йилда мустақиллигини эълон қилгандан кейинги халқаро тан олинган чегарагача тикланиши керак”, – дейилади “Тинчлик формуласи”нинг яна бир бўлимида. Бундан ташқари, “Зеленскийнинг тинчлик режаси”да экология хавфсизлиги, можаронинг кескинлашувига йўл қўймаслик, шунингдек, халқаро даражада тергов олиб бориб адолатни тиклаш масалалари ҳам ўрин олган.
2022 йил ноябрь ойида Президент Владимир Зеленский Киев ўзининг 10 та бўлимдан иборат “тинчликка эришиш режаси”га эга, деб баёнот берган эди. Унда ядровий, озиқ-овқат ва энергетика хавфсизлигини таъминлаш, асирларни “барчасига-барчаси” формуласи бўйича алмашиш, Украина суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини тиклаш бўлимлари жой олган. Зеленский Киев халқаро хавфсизлик кафолати берилишини талаб қилаётганини яна бир бор эсга солиб, бу борада зарурий ҳужжат ишлаб чиқилганини маълум қилганди. Украина Президентининг қўшимча қилишича, Киев мамлакатнинг жанговар ҳаракатлардан кўрган зарарини Россия активлари ҳисобига қоплаш учун халқаро механизмини яратишга эришишни ҳоҳлайди.
Ўз навбатида, Москва ҳам музокараларга тайёр эканини бир неча бор маълум қилган, бироқ Киев музокаралар ўтказишни қонун даражасида тақиқлаб қўйилгани айтилади. Ғарб давлатлари эса ҳар доим РФни музокараларга чорлаб келмоқда. Москва музокараларга тайёр эканини, лекин Ғарб Киевнинг музокараларни рад этаётганини тан олмаётганини таъкидлаб келмоқда.
С.Раҳимов, ЎзА