Қозоғистон Республикаси меҳнат ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш вазирлиги мактаб кутубхоначиларини “Ўқитувчи” лавозимига тенглаштириш имконини кўриб чиқмоқда, деб хабар тарқатди «Казинформ» агентлиги.
«Таълим ташкилотларида ишлаётган кутубхоначиларни “Ўқитувчи” лавозимига тенглаштириш масаласи ўрганилади ва ишлаб чиқилади. Шу билан бирга, шундай лавозимга талаб, уларнинг лавозим вазифаси, иш ҳақи ва бошқа масалалар ҳам чуқур таҳлил қилинади», – дейилади Қозоғистон Республикаси Бош вазир ўринбосари, Меҳнат ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш вазири Тамара Дуйсенованинг депутатлар сўровига йўллаганжавобида.
Вазирнинг қўшимча қилишича, агар кутубхоначи ўқитувчига тенглаштирилса уларга нисбатан Қозоғистон Республикасининг “Педагог мақоми тўғрисида”ги қонунда кўзда тутилган барча нормалар, жумладан, аттестация ҳам қўлланилади.
Тамара Дуйсенованинг таъкидлашича, жорий йилда 2,1 мингдан зиёд мактаб кутубхоначилари учун малака ошириш курсларини ташкил этиш режалаштирилмоқда. Курсларда IT соҳаси ва рақамли саводхонлик, муаллифлик ҳуқуқлари, замонавий кутубхоначи билиши мажбурий бўлган soft ва hard skills, кутубхоналарни ижтимоий тармоқларда тақдим этиш ва кутубхонада нетворкинг йўналишлари ўргатилади.