Ашхобод 12 сентябрь куни Нью-Йоркда очилиши кутилаётган БМТ Бош ассамблеясининг 78 сессиясида “Марказий Осиё ва Мўғулистонни ўлим жазосидан холи ҳудуд”, деб эълон қилиш тўғрисида халқаро ҳуқуқий ҳужжат қабул қилиш ташаббусини илгари сурмоқда. Душанба куни Туркманистон ташқи ишлар вазирлиги сайтида эълон қилинган хабарда шу ҳақда айтилган.
Хабарда таъкидланишича, Туркманистон Марказий Осиёда ўлим жазосини бекор қилган биринчи давлат ҳисобланади ва ҳозирги пайтда Марказий Осиё мамлакатлари ва Мўғулистон ўлим жазосини бекор қилган биринчи минтақа бўлиши мумкин. Шу муносабат билан “Туркманистон Марказий Осиё минтақаси ва Мўғулистон учун ҳуқуқий ҳужжат – “Марказий Осиё ва Мўғулистон ўлим жазосидан холи ҳудуд тўғрисидаги шартнома”ни ишлаб чиқиш ва қабул қилиш масаласини кўриб чиқишни таклиф қилади. “Кейинчалик бундай ҳужжат бутун дунёда ўлим жазосини бекор қилишга қаратилган Конвенция ишлаб чиқиш ва қабул қилишга асос бўлиши мумкин”, – дейилади Туркманистон ТИВ тарқатган баёнотда.