Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришда зарур агротехник тадбирларни ўз вақтида ва сифатли амалга ошириш, аграр секторда қишлоқ хўжалиги техникасига бўлган талабни қондириш, қишлоқ хўжалиги корхоналарини маънан ва жисмонан эскирган техникалар ўрнига замонавий ва ресурс тежамкор техникалар билан таъминлашни рағбатлантириш тизимини такомиллаштириш мақсадида 2023 йил 29 мартда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Аграр секторни замонавий қишлоқ хўжалиги техникалари билан таъминлашни рағбатлантиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Ушбу қарорда банклар томонидан лизинг ташкилотларига кредит ажратилишида гаров таъминоти сифатида суғурта полиси қабул қилиниши мумкинлиги белгиланган.

Мазкур қарор мазмун-моҳиятини етказиш мақсадида “Ўзагросуғурта” акциядорлик жамияти томонидан 2023 йил 4 август куни соат 09:00 да “Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги суғуртасини ривожлантиришдаги муаммолар ва истиқболда амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар” мавзусида давра суҳбати ўтказилди.

Тадбирда жамият бошқаруви масъуллари, ҳудудий филиаллари ва унинг суғурта марказлари ходимлари иштирок этди.

Дунё тажрибасидан маълумки, иқлим ўзгариши натижасида юзага келадиган турли табиий офатлар, техноген тусдаги ҳалокатлар туфайли юридик ва жисмоний шахслар, шу жумладан, қишлоқ хўжалик маҳсулоти етиштирувчи фермер ва деҳқон хўжаликлари кўрадиган зарарлар суғурта тизими орқали қопланади. Бироқ, Ўзбекистон шароитида фермер ва деҳқон хўжаликлари томонидан суғурта хизматларидан фойдаланиш анча суст. Айрим қишлоқ хўжалиги маҳсулоти етиштирувчилари ҳамон суғуртага “ортиқча харажат” сифатида қарайди.

Тадбир давомида қишлоқ хўжалик суғуртасини ривожлантириш борасидаги муаммолар ва камчиликлар, уларни бартараф этиш йўллари ҳақида фикр алмашилди. Тадбирда иштирокчилар, шунингдек, ОАВ вакилларининг саволларига мутахассислар томонидан жавоб қайтарилди.

Батафсил:

М.Турдалиева, H.Абдувоитов ЎзА