БМТ шафелигидаги тузилма фуқароларимизни ҳушёрликка чорловчи матн тайёрлади

Ҳудуд ва чегара билмаётган офатлар — гиёҳванд моддалар ва одам савдоси жамият тараққиёти, давлат ривожига жиддий хавф туғдирмоқда. Айниқса, одам савдосидек оғир жиноят инсон ҳаёти, эркинлиги ва ҳуқуқини поймол этиб, унинг тақдири ва келажагини оёқости қилади.

Бежиз 30 июль — Бутунжаҳон одам савдосига қарши курашиш куни сифатида эътироф этилмайди. Яқинда ушбу сана муносабати билан тарғибот-ташвиқот ишлари, профилактик тадбирлар, шунингдек, бедарак йўқолган фуқаролар хотирасига бағишлаб маросимлар ўтказилди.

Яна бир муҳим воқелик эса БМТ Гиёҳванд моддалар ва жиноятчиликка қарши курашиш бошқармаси – UNODC юртимизда одам савдоси билан боғлиқ ҳолатларни бартараф этиш мақсадида чора-тадбирлар режаси ишлаб чиққани бўлди. Тузилма расмийлари ахборот орқали аҳолини хабардор қилиш, уларни эҳтиёткорликка чақиришга қаратилган махсус матн тайёрлади.

UNODCнинг Одам савдоси ва мигрантлар контрабандасига қарши кураш бўйича минтақавий маслаҳатчиси Реда Сиргедиене Ўзбекистон фуқароларини энг аввало, хорижда мўмай маош эвазига ишга таклиф қилиш ҳолатларидан ўта эҳтиёт бўлиш кераклигини таъкидлади. Бундай номутаносиб сахийликни шубҳаланиш ва ғаразли ниятлар эҳтимолини ҳисобга олиш жуда муҳим.

Мазкур матнда ҳушёрлик билан иш таклифи ва меҳнат шароитини ўрганиш, текшириш маслаҳат берилади. Тажриба ёки тил билиш кўникмаси талаб этилмай, аксинча, юқори иш ҳақи берилиши шубҳали экани қайд этилган.

«Баъзи фуқаролар заифлиги туфайли ёки молиявий қийинчиликни бошдан кечираётганлар кўпинча одам савдогарларининг «ўлжа»сига айланади. Баъзи ҳолларда одам савдоси билан шуғулланувчилар муваффақиятли ишбилармонлар сифатида ҳаракат қилиб, махфий шароитда даромадли иш таклиф қилиши ва жабрланувчига маълумотни қариндошлари ёки дўстлари билан баҳам кўрмасликка ундайди», дейилади ахборотда.

Одам савдоси ва мигрантлар контрабандаси ўртасидаги фарқ

Иккала фаолият ҳам ноқонуний ва улар бир-биридан тубдан фарқ қилади. Одам савдоси — заиф фуқароларни четга ёллаш, уларни янги жойга кўчириш, ўз ғараз ниятидан фойдаланиш. Муҳожирлар контрабандаси эса, аксинча, қонуний рухсати бўлмаган мамлакатга ноқонуний кириш учун ёрдам сўраш.

UNODC бу икки жиноят кўпинча бир-бирига яқинлигини қайд этади, боиси ноқонуний йўл билан бирор-бир давлатга олиб кирган шахс иродаси заифлиги туфайли одам савдосига тушиб қолиши мумкин.

Жамоатчилик вакиллари билан суҳбатларда БМТ Гиёҳванд моддалар ва жиноятчиликка қарши курашиш бошқармаси ҳамюртларимизни ҳушёрликка чақириб, даромадли иш таклиф этилса, шароитини текширишни сўрайди.

Марказий Осиё мамлакатлари, шунингдек, Россия, Туркия, Бирлашган Араб Амирликлари, Ҳиндистон, Таиланд, Грузия, Саудия Арабистони фуқаролари учун одам савдосининг асосий йўллари билан боғлиқ ҳолатларни томонга ижобий ўнглаш даркор.

«Уй-жой таклиф қилиб, фуқароларни алдов йўли билан четга чиқариб юбориш ҳолатларига жуда эътиборли бўлишимиз керак», дейилади матнда.

Чегара билмайдиган ушбу жиноят тузоғига тушиб қолмаслик учун UNODC яна қуйидаги асосий тавсияларни берди:

Интернетдаги маълумотларни, айниқса, даромадли иш таклифини қайта-қайта текшириш мақсадга мувофиқ, меҳнат фаолияти билан боғлиқ ҳар бир қарор қариндош ва дўстлар маслаҳатисиз қабул қилинмаслиги керак.

Ишга таклиф қилган компания ҳақида маълумот йўқ бўлса, тегишли таълим ва иш тажрибаси талаб қилинмаса, турар жой, овқатланиш ва белгиланган манзилга саёҳатга жўнашдан олдин товон пули сўрамасдан ташкил қилинган бўлса, зудлик билан кетиш сўралса, иккиланиб, иш таклифини қабул қилишдан бош тортганда таҳдид қилинса, билингки, бу жиноят бўлиши мумкин.

Хорижга чиқиш олдидан шартларни диққат билан ўрганиб чиқиб, меҳнат шартномасини имзолаш тавсия этилади. Фавқулодда алоқа тўпланг: тез ёрдам олиш учун элчихона ёки консуллик, полиция билан боғланиш мумкин бўлган маълумотга эгалигингизга ишонч ҳосил қилишимиз керак.

Хулоса шуки, жиноят оламига кириб қолганлар нафақат ўзининг тақдирига, балки бутун бир давлат, жамият тараққиётига салбий таъсир кўрсатади. Шундай экан, дунё аҳли бугунги экологик хавф-хатарлар, иқтисодий зарарлар ва бошқа табиий офатларга юз тутаётган бир пайтда гиёҳванд моддалар ва одам савдоси каби жиноятларнинг олдини олиш ҳар биримизнинг инсоний бурчимизга айланиши лозим.

 

Беҳруз Худойбердиев,

ЎзА