Шахснинг ижтимоий хавфли қилмиши учун айблилигини исботлаш эксперт-криминалистика соҳасига инновацион ёндашувларни кенг татбиқ қилишни тақозо этмоқда.
Бу борада давлатимиз раҳбарининг “Ички ишлар органларининг эксперт-криминалистика фаолиятини замонавий илм-фан ютуқларини кенг жорий этган ҳолда янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилингани тизим самарадорлигини янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилмоқда.
Соҳага рақамли криминалистика кенг жорий этилмоқда. Бу электрон шаклда сақланадиган маълумотларни аниқлаш, олиш, қайта ишлаш, таҳлил қилиш ва ҳисобот беришга қаратилган суд экспертизаси соҳасидир.
Бу борада Ички ишлар вазирлиги криминалистика соҳаси ходимларини замонавий техника воситалари билан таъминлашга эътибор қаратмоқда.
Нафақат Ички ишлар вазирлиги, балки барча ҳудудлардаги эксперт-криминалистика марказлари эксперт-криминалистика гуруҳлари ходимлари замонавий “Криминалистик” чемоданлар билан таъминланган.
Бу ходимларга жиноятни жойида фош қилиш, айбдорга оид маълумотларни уларнинг белгилари, бармоқ излари орқали тезкор аниқлаш имконини бермоқда.
Андижонлик фуқаро Э.С. ички ишлар органининг «102» рақамига қўнғироқ қилиб, номаълум шахс унинг “Cobalt” русумли автомашинасидан нархи 2 миллион 150 минг сўм бўлган автомобиль жиҳозини яширин равишда талон-торож қилиб, ҳодиса жойидан яширинганини маълум қилган.
Олиб борилган тезкор-суриштирув ишлари натижасида ҳодиса жойидаги видеокузатув камераси хотирасидан олинган видеотасвирдаги номаълум шахс Андижон вилояти Ички ишлар бошқармаси эксперт-криминалистика марказининг “Шахсни идентификация қилиш тизими” орқали текширилган. Шунда бу шахс Андижон туманида рўйхатда турувчи Ф.С эканлиги аниқланди.
Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
«102» хизматига мурожаат қилган яна бир фуқаро ўзига тегишли бўлган савдо дўконида бошқа харидорлар билан савдо ишларида чалғиганидан фойдаланиб, курткасининг чўнтагида бўлган 3,5 миллион сўм пулини номаълум шахслар ўғирлаб кетганини маълум қилган.
Тезкор қидирув ва суриштирув ишлари мобайнида савдо дўконига ўрнатилган кузатув камерасидан олинган видеотасвир “Шахсни идентификация қилиш тизими” орқали текширилган. Шунда ушбу ўғирлик жиноятини содир этган шахс Андижон шаҳрида яшовчи М.А. эканлиги аниқланди.
Ҳолат бўйича фуқаро М.А.дан ўғирлаб кетилган пуллар холислар иштирокида баённома орқали олинган.
Ҳозирда ушбу ҳолат бўйича ҳам Жиноят кодексининг 169-моддаси 2-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Норгул Абдураимова,
ЎзА