Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг мажлисида “Суд қарорларининг қонунийлиги ва асослилигини текшириш тартиби такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси депутатлар томонидан атрофлича кўриб чиқилди.
Қайд этилганидек, иқтисодий суд ишларини юритишда ишлар одил судловнинг фақат суд томонидан амалга оширилиши, қонун ва суд олдида тенглик, судьяларнинг мустақиллиги ва уларнинг фақат қонунга бўйсуниши, тарафларнинг тортишуви ва тенг ҳуқуқлилиги каби принциплар асосида амалга оширилади.
Мазкур қонун лойиҳаси билан суд қарорларини қайта кўришда вилоят судларининг ҳамда уларга тенглаштирилган судларнинг имкониятларидан самарали фойдаланиш, шунингдек, фуқаролар ва тадбиркорларнинг шикоят қилиш ҳуқуқидан фойдаланиш имкониятларини янада кенгайтириш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг Иқтисодий процессуал кодексига қатор ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.
Хусусан, суднинг ажрими устидан шикоят бериш масаласида янги институт – суд ишларини тафтиш тартибида кўриб чиқиш амалиёти жорий этилмоқда. Яъни, қонун лойиҳасида туманлараро, туман, шаҳар судлари томонидан биринчи инстанцияда кўрилган ишларни вилоят ва унга тенглаштирилган судларда апелляция ёки кассация тартибида қайта кўриб чиқиш ваколати бериляпти.
Бу тартиб амалга ошиши билан одил судловга эришиш имкониятлари янада кенгаяди. Бунда биринчи инстанция судининг қароридан норози тарафлар вилоят судига апелляция ёки кассация тартибида шикоят қилиб, уларнинг ҳам натижасидан қониқмаса, ушбу иш мазкур судларда тафтиш тартибида кўриб чиқилади. Суд ишидан яна норози бўлинган тақдирда вилоят ва унга тенглаштирилган судлар томонидан тафтиш тартибида кўриб чиқилган ишлар Олий суднинг судлов ҳайъатида қайта кўриб чиқилади.
Энди юқори инстанция судларига янада катта масъулият юкланиб, ишни янгидан кўриш учун қуйи судларга юбориш тартибининг бекор қилинаётгани ҳам суд ҳужжатидан норози шахснинг юқори инстанцияга ишончини мустаҳкамлайди.
Муҳокамалар давомида таъкидландики, ушбу қонун лойиҳаси суд қарорларининг қонунийлиги ва асослилигини текшириш механизмини янада такомиллаштиришга ҳамда суд қарорларини қайта кўришнинг янги тартибини жорий этиш орқали одил судлов сифатини ҳамда фуқаролар ва тадбиркорларнинг одил судловга эришиш даражасини янада оширишга, фуқаролар ва тадбиркорларнинг бузилган ҳуқуқлари ва эркинликлари, шунингдек, қонуний манфаатлари ишончли ҳимоя қилинишини таъминлашга хизмат қилади.
Мажлисда қонун лойиҳаси моддама-модда муҳокама қилиниб, учинчи ўқишда қабул қилинди.
Шунингдек, мажлисда “Суд қарорларининг қонунийлиги, асослилиги ва адолатлилигини текшириш институти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиришлар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси депутатлар томонидан иккинчи ўқишда кўриб чиқилди.
Таклиф этилаётган қонун лойиҳаси билан вилоят судлари ҳамда уларга тенглаштирилган судларнинг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатларида жиноят ишлари бўйича туман (шаҳар) судларида биринчи инстанцияда кўрилган маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни апелляция ёки кассация тартибида қайта кўриб чиқиш тартиблари белгиланмоқда.
Шунингдек, янги қоида, яъни тафтиш инстанцияси орқали одил судловга эришишнинг имконияти жорий этилмоқда. Бунда тарафларнинг шикоятлари вилоят судида апелляция ёки кассация тартибида кўрилгандан кейин, улар суд қароридан яна норози бўлишса, уларнинг тафтиш тартибидаги шикоятига асосан ушбу иш Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатида тафтиш тартибида кўриб чиқилиши назарда тутилмоқда.
Қонун лойиҳаси фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий кафолатларини янада кучайтиришга, иш бўйича барча ҳолатлар суд томонидан ҳар томонлама ва тўлиқ текширилишига ҳамда халқимизнинг судларга бўлган ишончининг янада ошишига хизмат қилади.
Мажлисда қонун лойиҳаси депутатлар томонидан моддама-модда муҳокама қилинди ва учинчи ўқишда қабул қилинди.
Муҳтарама Комилова,
ЎзА