Туркиядаги Эскишаҳар 2013 йилда “Турк дунёси маданият пойтахти”, дея эълон қилингани муносабати билан ташкил этилган расмий тақдимот маросимида Ўзбекистон вакиллари ҳам иштирок этган эди.
Шу муносабат билан Туркияда бўлганимизда мамлакатнинг диққатга сазавор жойларини томоша қилиш имкониятига мушарраф бўлган эдик.
Эгей денгизи билан Ўрта ер денгизи ўзаро боғланадиган Мармарис курортлари соҳилларининг узунлиги билан донг таратган.
Бугунги кунда Мармарис энг олий даражадаги Европа курортларидан саналади. Бу ўлканинг иқлимига тан бермай иложингиз йўқ. Шаҳарнинг 8 километр Ғарбида Ичмелер шаҳарчаси бор. Бир вақтлар бу шаҳарча Мармариснинг бир бўлаги эди. Бу шаҳар номи “йўқотилган жаннат”, дея таржима қилинар экан.
Шаҳарни қуршаб турган кўм-кўк тоғларнинг денгиз соҳилларидаги қумлар билан уланиб кетиши, денгизнинг тиниқ сувлари шаҳар йўқотилган жаннат эканлигини исботлаб тургандек гўё.
Мармарис курортлари дам олувчиларнинг спортнинг барча турлари билан шуғулланиш имкониятини яратиб берган.
Меҳмонхона деразаларидан тунги денгизни кўриш сизга завқ-шавқ бағишлайди.
Сув остида бўлишни хоҳловчилар Мармарисдан олам-олам завқ олиб қайтадилар.
Бу шаҳар елканли спорт саноати маркази сифатида тан олинган. Дайвинг-марказларининг ходимлари сув остида сайёҳат қилишингиз учун барча имкониятларни яратиб беришади. Мармарисда бўлган киши, албатта, шаҳарнинг рамзи бўлмиш ҳолвани харид қилиши керак бўлади. Бундай ҳолванинг дунёнинг ҳеч бир шаҳрида учрата олмайсиз.
Мармарисга йил давомида жаҳонинг турли минтақаларидан сайёҳлар, меҳмонлар келиб туради. Мавсумда шаҳар 300 – 400 минг сайёҳни қабул қилади.
Мармарисдан Грециянинг Родос оролига мунтазам паром қатнови йўлга қўйилган.
86 минг гектарни ташкил қилган ўрмонлар Мармарис шаҳрининг фахридир. Шаҳарнинг қачон бунёд бўлгани аниқ эмас. Бироқ маҳаллий аҳоли эрамиздан аввалги XI асрда мазкур минтақада Фискос номли шаҳар бўлганлигини айтиб беришди. Шу даврдан то шу кунгга қадар Мармарис гоҳ греклар, гоҳ форслар, гоҳ римликлар, гоҳ араблар қўлига ўтиб турди. XIII асрда эса турклар томонидан эгалланди. 1522 йилда султон Сулайман фармонига биноан муҳташам қалъа қурилиб шаҳарга Мармарис номи берилди. 1957 йилда юз берган кучли зилзила оқибатида шаҳар вайрон бўлди. Бироқ тезда тикланди. 1980 йиллардан бошлаб шаҳарда сайёҳлик тармоғи ривожлана бошлади.
Туркиянинг яна бир гўзал шаҳри – Фетхия.
Фетхия Туркия Жанубий-Ғарбида жойлашган кичик шаҳар бўлиб, 65 минг киши истиқомат қилади. Қадимда бу шаҳар ҳудудларида Телмесс (“оловли ер”) шаҳри мавжуд бўлган. Бу шаҳарни машҳур бўлишига Апполоннинг ҳиссаси бор. Эрамиздан аввалги V асрда бу шаҳар Грециянинг Родос шаҳри билан иқтисодий алоқаларни йўлга қўйган бўлиб, эрамизнинг VIII асрида номи Византия императори шарафига Анастасиополис, деб ўзгартирилди. Орадан бир аср ўтар ўтмас шаҳарга Макри, деб ном берилди. Шаҳар бу номни 1914 йилгача сақлаб қолди. Греклар ҳукмронлига барҳам берилгач, шаҳар 1914 йилда самолёт ҳалокатга учраши оқибатида вафот этган учувчи Фетхи-бей (Fethi Bey) шарафига Фетхия, деб ўзгартирилди. 1857 ва 1957 йиллардаги зилзилалар шаҳардаги қадимий биноларни вайрон қилди.
Шаҳар музейига қадимий топилмалар коллекцияси ва санъат буюмлари қўйилган. Бу ёдгорликлар шаҳарнинг қадимий тарихи ҳақида маълумот беради.
Шаҳарнинг диққатга сазовор жойи бу шубҳасиз IVасрга оид мақбарадир. Бу ерда машҳур Аминтоснинг тобути бор.
Турклар Фетхиянинг гўзал тоғлари ва мовий денгизи билан фахрланадилар.
Йилнинг 300 кунида қуёш порлаб турувчи Измир – Туркиянинг йирик шаҳарларидан бири бўлиб, катталиги жиҳатдан Анқара, Истамбулдан кейинги учинчи ўринда туради. Эгей денгизидаги бу шаҳар курортлар вилояти, дея тан олинган Измир вилоятининг маъмурий маркази ҳисобланади.
Ўрта Ер денгизи минтақасидаги қадимий шаҳар хисобланмиш Измирга эрамиздан аввалги III асрда Искандар Македонский армиясининг генерали Лисимакхос томонидан асос солингани айтилади. Бироқ айрим тарихчилар шаҳарнинг ёши 8 минг йилга тенг эканини айтишади.
Афсоналарга кўра, шаҳарга Зевс ва амазонкалар маликаси Смирнанинг ўғли Тантал асос солган. Шу вақт мобайнида шаҳар мураккаб тарихий даврни босиб ўтиб, бир қатор ҳукмдорлар қўл остида бўлди. Тарихчиларнинг фикрича, бу замин шу давр ичида 40та цивилизациянинг гувоҳи бўлди. 1922 йилга келиб эса тўлалигача Туркия қўлига ўтди. Айни дамда Измир Туркиянинг саноат ва маданий маркази ҳисобланади. Тарихий номи Смирна бўлмиш Измир қадимий турк анъаналари ва замонавий мегополоислар маданиятини ўзида бирлаштирган. Шу сабабли ҳам бу шаҳарга ҳар йили миллионлаб сайёҳлар келади. Измирнинг энг диққатига сазовор жойларидан бири – бу шаҳарнинг антик давр қолдиқлари сақланиб қолган қисмдир. Археологик музейда Анатолида олиб борилган қазишмалар давомида топилган қадимий экспонатларни кўриш мумкин. Измир тарихий шаҳар бўлиб, бу ердаги мачит, черков ва синагоглар сайёҳларни ўзига жалб қилади.
Қадимий Римнинг Нептун, Церер и Диана ҳайкаллари ҳам диққатни тортиши шубҳасиз. Бу шаҳарда замонавий Турк давлатининг асосчиси Мустафо Камол Отатурк ва Этнология музейлари ҳам бор.
Келажакка интилаётган бу шаҳарда ҳар йили кўплаб ихтисослашган халқаро кўргазмалар ўтказилади. Шу сабабли Измирни кўргазмалар шаҳри, деб айтиш ҳам мумкин. Ҳар йили ёз фаслида тоғлар ва денгиз қуршовидаги Измирда халқаро Санъат фестивали бўлиб ўтади. Унда турли мамлакатлардан келган ижодий жамоалар қатнашади. Жумладан, Ўзбекистон вакиллари ҳам иштирок этиб, нафақат туркияликларнинг,балки шаҳарга ташриф буюрган хорижлик сайёҳлар ва мутахассисларнинг олқишларига сазовор бўлишмоқда.
Қадимий даврда яшаб, тиббиётга беқиёс ҳисса қўшган Галинос ва Гиппократнинг Измир минтақасининг фарзанди эканлигини ҳам эслатиб ўтиш керак.
Шарофиддин Тўлаганов