Қорақалпоғистон Республикаси Хитой Халқ Республикасининг Хунань провинцияси билан савдо-иқтисодий, инвестиция, сайёҳлик ва маданий-гуманитар соҳаларда ҳамкорлик қилади. Қорақалпоғистон Республикаси делегациясининг Хунань провинциясига ташрифи доирасида бу борада меморандум имзоланди.

– Хунань провинциясига ташриф самарали бўлди, – дейди Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси ўринбосари Б.Сагидуллаев. – Ташриф давомида қорақалпоғистонлик тадбиркорлар билан Хунань провинциясининг йирик корхоналари иштирокида бизнес-форум ўтказилди. Тадбиркорлар Хунань провинциясининг қурилиш, қишлоқ хўжалиги, фармацевтика, машинасозлик соҳаларидаги етакчи корхоналари фаолияти билан танишди. 50 дан ортиқ ишчи гуруҳ вакиллари билан музокаралар ўтказилди. Турли соҳалардаги лойиҳалар, шунингдек, импорт ва экспорт келишувларини амалга ошириш бўйича 66 миллион долларлик битим имзоланди.

Қорақалпоғистон делегацияси Хунань провинцияси губернаторининг ўринбосари Хе Баосян билан учрашди. Мулоқотда асосий эътибор ҳудудлараро ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилди.

Хе Баосян ўзаро савдо ҳажмини кенгайтириш ва икки томонлама алоқаларни янада мустаҳкамлаш зарурлигини таъкидлади.

Хитой Ўзбекистон ҳукуматининг Хитой инвестицияларини Қорақалпоғистонга жалб қилиш бўйича фаоллигини қўллаб-қувватлайди. Жумладан, қурилиш, қишлоқ хўжалиги ва туризм соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш, сифатли мева-сабзавот маҳсулотларини Хитой бозорига етказиб бериш жуда муҳим экани қайд этилди.

Ҳудудлараро ҳамкорликнинг муҳим йўналишларини белгилаб берадиган Қорақалпоғистон Республикаси ва Хунань провинцияси ўртасидаги ҳамкорлик бўйича меморандум ўзаро кўп қиррали муносабатларни мустаҳкамлаш йўлидаги биринчи амалий қадам бўлди.

Ташриф давомида Қорақалпоғистон Республикаси ишбилармонлари билан Хунань провинцияси компаниялари ўртасида музокаралар бўлиб ўтди. Бир қатор манфаатли келишувларга эришилди, икки ҳудуднинг хўжалик юритувчи субъектлари ўртасида экспорт ва импорт шартномалари имзоланди. Жумладан, Қорақалпоғистонда талаб юқори бўлган ва экспортга йўналтириладиган маҳсулотлар ишлаб чиқариш учун юқори технологик ускуналар, Хитойга ширинмия етказиб бериш, ушбу мамлакат компаниялари билан артемия цисталарини экспорт қилиш бўйича шартномалар имзоланди.

Хитойнинг 20 дан ортиқ корхона ва компания раҳбарлари билан ўтказилган мулоқотда Қорақалпоғистонда қамишни қайта ишлаш ва қоғоз ишлаб чиқариш бўйича йирик завод қурилишига инвестиция киритиш бўйича келишувга эришилди. Хитойдаги “Фень ши”, “Мин Дао”, “Де Нун” масъулияти чекланган жамиятлари таъсисчиси Ма Лумин Қорақалпоғистондаги хомашё базасини ўрганиб, бу ерда қоғоз ишлаб чиқарувчи учта завод қурилишига 60 миллион доллар миқдорида инвестиция киритиш бўйича қарор қабул қилинганини маълум қилди.

Бундан ташқари, «Hunan Runwo Biotechnology Co. Ltd» ва «Fenghui Biotechnology Co. Ltd» компаниялари билан Қорақалпоғистон Республикасининг шўрланган ерларида инновацион технологияларни қўллаш соҳасида ҳамкорлик бўйича меморандум имзоланди.

 

Анвар Насирлаев, ЎзА