Халқаро спорт жамоатчилигини қизиқтириб келаётган “Россиялик спортчилар Осиё ўйинларида иштирок этадими?” деган савол ҳануз очиқ қолмоқда. Куни кеча РФ Олимпия қўмитаси раҳбари Станислав Поздняков бошланишига икки ойдан зиёд вақт қолган ёзги Осиё ўйинларида мамлакат спортчиларининг иштироки бўйича ҳеч қандай расмий таклифнома келиб тушмагани, бундай вазиятда бирор вариантни кўриб чиқиш ёки муҳокама қилиш маъносиз эканини айтди. Ушбу ахборотни “insidethegames.biz” сайти тарқатган.

Июль ойи биринчи ўн кунлигида Осиё Олимпия кенгаши Бош ассамблеясининг Бангкокда ўтган йиғилишида Россия ва Беларусдан 500 нафарга яқин спортчи Париж Олимпиадаси йўлланмаси учун “Ханчжоу-2022”да рақобатлашишга рухсат бериш масаласи овозга қўйилди.

Ўшанда Гонконг вакиллари бу режани очиқчасига танқид қилиб чиқди, бошқа расмийлар бетараф қолишди, шунингдек, айрим спорт турларида рақобат номутаносиблиги тўғрисида ҳам фикрлар янгради. Хуллас, “Париж-2024” йўлланмаларини Осиё спорт майдонларида қўлга киритиш орзуси Россия ва Беларусь учун армон бўлиб қоладигандек.

Россия МОҚ раҳбари бу борадаги фикрини қуйидагича якунлаган:

– Осиё ўйинлари бошланишига оз вақт қолди, ҳар қандай ҳолатда спортчиларни керакли натижага эришиш учун тўлиқ тайёрлаш истиқболи юзасидан савол кўп. Масаланинг ташкилий, молиявий, моддий-техник ва бошқа жиҳатлари алоҳида мавзу. Бир неча ойдан буён спортчиларимизнинг халқаро турнирлардаги иштирокига оид кўп миш-мишларни эшитяпмиз. Аксарият ҳолатда сўз сўзлигича қолаётгани бор гап.

 

Т.Рўзиев,  

ЎзА