Президент Шавкат Мирзиёев Олий Мажлис палаталари қўшма мажлисида жойларда сайловчилар билан учрашувларда айтиб ўтган муҳим вазифаларга яна бир бор эътибор қаратди.
Яъни, олдимизда турган энг долзарб вазифалар — халқимиз турмуш даражасини янги босқичга олиб чиқиш ҳамда бошқа давлатлар ва халқаро ташкилотлар билан икки ва кўп томонлама муносабатларни ривожлантиришга қаратилган тинчликсевар ташқи сиёсатни изчил давом эттиришдан иборатдир.
Сир эмас, кейинги етти йилликда янги Ўзбекистон дунёга янги қиёфа билан танилди. Хорижий мамлакатлар, халқаро ташкилотларнинг республикамизга бўлган муносабати, таъбир жоиз бўлса, баҳоси ўзгарди.
Халқаро рейтинг ва индексларда ўрнимиз юқорилади. Қўшнилар билан дўстона алоқаларимиз янги босқичга кўтарилди. Қардош халқлар бемалол, ҳеч бир қийинчиликсиз чегаралардан ўтиб, меҳмонга бормоқда ва келмоқда.
Бугунги даврнинг ўзи ушбу йўналишлардаги ишларни янги босқичга олиб чиқишни талаб этмоқда. Шу боис қасамёд маросимида Президентимиз бу борадаги саъй-ҳаракатларни барқарор давом эттириш зарурлигини яна бир бор таъкидлади. Айни чоғда узоқ ва яқин давлатлар билан дўстлик алоқалари ва ўзаро ҳамкорлик барча соҳада ривожлантирилишига алоҳида урғу берди.
Маълумки, бугун дунё айвонида вазият ўта мураккаб. Барчамиз турли қарама-қаршилик ва зиддиятлар, керак бўлса, тўқнашувлар гувоҳи бўлиб турибмиз. Мана шундай шароитда Ўзбекистон қандай йўл тутиши керак, деган табиий савол туғилади. Мажлисда давлатимиз раҳбари аниқ ва лўнда қилиб айтганидек, бош мақсадимиз — Ўзбекистоннинг давлат мустақиллиги, унинг сарҳади дахлсизлиги ва ҳудудий яхлитлигини янада мустаҳкамлашдан иборат бўлади. Чунки ҳар қандай давлат учун, ҳар қайси халқ учун тинчлик ва осойишталик энг азиз неъмат ҳисобланади.
Хўш, ушбу улкан мақсадга эришиш учун нима қилишимиз керак?
Мазкур йўналишдаги вазифалар ҳам аниқ-тиниқ белгилаб берилди.
Аввало, Қуролли Кучларимизнинг қудрати, мудофаа қобилиятимиз ва ҳарбий салоҳиятимизни янада ошириш мақсадида миллий армиямизни 2030 йилга қадар энг замонавий қурол-аслаҳа ва ҳарбий техника билан таъминлаш вазифаси белгиланди.
Иккинчидан, қўшинлар жанговар руҳи ва салоҳиятини юксалтириш, етук ҳарбий хизматчиларни тайёрлаш, шунингдек, ҳарбий хизматчиларни ижтимоий-ҳуқуқий ҳимоя қилиш бугун ниҳоятда долзарб.
Учинчидан, ҳарбий-жанговар қудрат ва юксак маънавий салоҳиятни Ўзбекистон Қуролли Кучларининг икки буюк таянчига айлантириш вазифаси олдимизда турибди.
Тўртинчидан, ҳарбий хизматчиларни, мактаб, техникум ва олий ўқув юртларида таълим олаётган фарзандларимизни, умуман, барча ёшларимизни тарихимиз ва маърифатпарвар аждодларимиз мероси асосида тарбиялаш учун зарур шароит яратишимиз керак бўлади.
Шунингдек, мажлисда Президентимиз томонидан ёш авлодни Ватанга муҳаббат ва садоқат руҳида камолга етказиш ҳамда миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат ғояси атрофида бирлаштириш масаласига ҳам тўхталиб ўтилдики, ушбу масала бугунги таҳликали даврда қанчалик долзарблигини тушуниш қийин эмас.
Эътиборлиси, таъкидлаб ўтилган йўналишда махсус дастур асосида иш олиб борилади.
Шулардан келиб чиқиб айтиш мумкинки, юртимизда ёшларга бўлаётган эътибор келгуси йилларда янада кучаяди. Пировардида эртамиз эгалари бўлган ёшларимиз ўзларини ҳар жабҳада тўлиқ намоён этади. Бунга ишончимиз комил.
Қутбиддин БУРҲОНОВ,
Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси.
ЎзА