Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институтида 2022-2023 ўқув йили якунига бағишланган “Оқ йўл сизга, битирувчи!” мавзусида тантанали тадбир бўлиб ўтди. Унда профессор-ўқитувчилар, педагог ходимлар, бакалавр таълим йўналиши ҳамда магистратура мутахассисликлари битирувчилари, уларнинг ота-оналари, кенг жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Қайд этилганидек, 2022-2023 ўқув йилида институтни бакалавриатнинг кундузги таълим йўналиши бўйича жами 2 минг 781 нафар, сиртқи таълим бўйича 597 нафар, иккинчи мутахассислик бўйича 289 нафар, магистратура мутахассисликлари бўйича 663 нафар магистр тамомлаб, халқ хўжалигининг турли соҳаларида фаолиятини бошламоқда. Битирувчилар орасидан 1 минг 200 нафардан зиёди тегишли иш берувчилар билан уч томонлама шартномалар имзолаш орқали иш жойларига йўлланмалар олди.

Якунланаётган ўқув йили институт жамоаси учун муваффақиятли йил бўлди. Институтнинг 11 нафар талабаси Президент, Ислом Каримов, Навоий, Ибрайим Юсупов, Тўлепберген Қайипбергенов, Ажиниёз Қўсибой ўғли номидаги давлат стипендия соҳиблари бўлди. Институт талаба ёшлари “Универсиада – 2022” спорт мусобақалари республика финал босқичида муваффақиятли иштирок этиб, Қорақалпоғистон Республикаси терма жамоасининг мамлакатимиз миқёсида учинчи ўринни эгаллашга муносиб ҳисса қўшди. Мусобақа якунлари бўйича 175 миллион сўмлик спорт инвентарларидан иборат “Президент совғаси” институт жамоасига топширилди.

Тадбирда бакалавриат таълим йўналиши ҳамда магистратура мутахассисликлари битирувчиларига дипломлар топширилди. Шунингдек, таълим, маданият, спорт ва бошқа соҳаларда юксак натижаларга эришган, республика ва халқаро танлов, фан олимпиада ғолибларига ва уларнинг ота-оналарига эсдалик совғалар, ташаккурнома ва фахрий ёрлиқлар топширилди.
Иштирокчиларга санъат усталарининг концерт дастури намойиш этилди.

Довуд АБИБУЛЛАЕВ, 

Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат), ЎзА