Бугун Ўзбекистонда ёшлар сиёсати, таълим-тарбия, илм-фан, маданият ва спорт соҳаларини ривожлантиришга устувор аҳамият қаратилмоқда. Давлат органлари халқ учун, ҳар бир фуқаро учун очилиб, фаол мулоқот олиб бораётир.
Бу борада халқ билан мулоқотнинг мутлақо янги тизими яратилганини таъкидлаш лозим. Хусусан, Президентнинг виртуал ва Халқ қабулхоналари очилди. Натижада халқимиз йиллар давомида йиғилган муаммоларини очиқ-ошкора айта олиш имконига эга бўлди.
Жумладан, аҳолига хизмат кўрсатиш соҳаси тубдан ислоҳ қилинди. Фуқаролар бандлигини таъминлаш борасида изчил ҳаракатлар давом этмоқда. Камбағалликни қисқартириш сиёсати ҳар бир ташкилот, муассаса ва идораларга тинчлик бермаяпти. Эртани ўйлаб бугун амалга оширилаётган самарали ишлар натижаси эътиборга молик. Аҳоли билан ишлаш тартиби, уларга тақдим этилган имкониятлар ҳақида нималар дейиш мумкин?
Камбағалликни қисқартириш соҳаси
2020 йилдан бошлаб камбағаллик билан курашиш миллий мамлакат сиёсатининг устувор йўналишига айлантирилди. Бу борада тадбиркорлик, ижтимоий ҳимоя, касбий таълим ва эҳтиёжманд аҳоли билан янгича ишлаш йўлга қўйилди.
2021 йилда 9,5 мингта маҳаллада ҳоким ёрдамчилари, ёшлар етакчилари ва хотин-қизлар фаоллари иш бошлади. Биргина ҳоким ёрдамчилари томонидан ўтган йил 1,6 миллион нафар аҳоли бандлиги таъминланди.
Бундан ташқари, илк бор миллий камбағаллик чегараси белгиланиб, ижтимоий нафақа ва пенсиялар миқдори минимал истеъмол харажатлари даражасига етказилди. Ушбу мақсадлар учун бюджетдан қўшимча 350 миллиард сўм йўналтирилган. Натижада 2022 йил камбағаллик даражаси 17 фоиздан 14,1 фоизга тушган.
Статистик маълумотларга қараганда, 2022 йил 98 минг эҳтиёжманд оилага 6 минг тонна бепул ун ҳамда 11,1 миллиард сўм нақд пул маблағлари тарқатилган. Шунингдек, 264,7 минг эҳтиёжманд, шундан 7,8 минг “Темир дафтар” рўйхатида бўлган оилаларга такрорий экин учун 88,5 минг гектар экин ер майдонлари ажратилди.
Бандлик соҳаси
2020 йил 20 октябрда Ўзбекистон Республикасининг “Аҳоли бандлиги тўғрисида”ги қонуни қабул қилинди. Шунингдек, “Меҳнат кодекси” янги таҳрири ишлаб чиқилди.
Қайд этиш керак, аҳолига бандлик хизматлари кўрсатиш “Ягона ойна” тамойили асосида сифат ва натижадорлиги юқори даражага оширилиб, 2017 йилда 274 минг аҳолига хизмат кўрсатилган бўлса, ҳозирга келиб йилига 1 миллион фуқарога бандлик хизматлари кўрсатиляпти.
Шунингдек, Ўрта Осиё давлатларида биринчилардан бўлиб, иш берувчи ва ходимлар ўртасида меҳнат шартномалари тузиш, электрон меҳнат дафтарчаси юритиш бўйича “Ягона миллий меҳнат тизими” ишга туширилди.
Ишсиз аҳоли, жумладан, ёшлар ва хотин-қизларни замонавий касб, тадбиркорлик кўникмаларига ўқитишнинг янгича тизими йўлга қўйилди. 52 та касб-ҳунарга ўқитиш марказлари, 555 та касб-ҳунарга ўқитиш масканлари, 28 та ишга марҳамат “Мономарказ”лари фаолият юритмоқда.
Қувонарли ҳолат шундаки, мамлакатимизда “World Skills International” халқаро ассоциацияси тавсиялари асосида ўқиш йўлга қўйилиб, дунё ҳамжамияти тан олган сертификат бериш жорий этилди. Ўқитиш сифати ва ўқитувчилар малакасини ошириш мақсадида Россия, Туркия, Япония, Корея давлатларидан 62 нафар мутахассис ҳам жалб қилинган.
2019 йил меҳнат бозорида бандликни таъминлашнинг янги инструментлари жорий этилиб, бугунги кунда “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”га киритилганларнинг оила аъзолари бандлигини таъминлаш, тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш учун 30 турдаги субсидиялар ажратиш амалиёти йўлга қўйилди.
2017-2022 йилларда Халқаро меҳнат ташкилотининг Меҳнат соҳасига оид 8 та конвенцияси ратификация қилингани эса нафақат Ўзбекистонда, балки бутун дунёда соҳа ривожи, инсон капиталини оширишга бўлган қадам сифатида эътироф этилмоқда. ХМТ томонидан диёримизда пахта йиғим теримида болалар меҳнатига барҳам берилгани тан олинди.
Ўтган йил “Cotton Campaign” халқаро ташкилоти томонидан Ўзбекистон пахтасига нисбатан жорий этилган бойкот бекор қилинди. Демак, мазкур тизим орқали 2016-2022 йилларда минглаб одамлар ишли бўлди. Ўтган 7 йил мобайнида жами 1,6 миллион нафар фуқаро ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жалб қилинди ҳамда уларнинг иш ҳақи тўлови учун Жамоат ишлари жамғармасидан 1,6 триллион сўм молиялаштириб берилди.
Ишсизлик нафақасини тайинлашда базавий ҳисоблаш миқдори ўрнига меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорига нисбатан ҳисобланиши белгиланди. Шу ўринда ишсизлик нафақаси миқдори ҳам ошди.
Республикада хавфсиз, тартибли ва қонуний меҳнат миграцияси тизими жорий этилиши натижасида 2016 йилда 3,2 минг 2022йилда 35 минг хорижий давлатларда ишлашни хоҳловчилар ташкилий ишга юборилди.
Маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорлик соҳаси
2022 йил 1 январдан бошлаб ҳар бир маҳаллада “Ҳоким ёрдамчиси” лавозими жорий этилди. Бундан кўзланган мақсад эса маҳаллаларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш, тадбиркорликни ривожлантириш ва шу орқали камбағалликни қисқартиришга қаратилган.
Бугунги кунда республикадаги 9,4 мингдан зиёд маҳаллада иқтисодий комплекс таркибига кирувчи ташкилотларда раҳбар лавозимида ишлаб келган иқтисодчилар ҳоким ёрдамчиси сифатида фаолият кўрсатяпти.
“Онлайн маҳалла” платформаси ишга туширилди. 6,9 миллион хонадон хатловдан ўтказилиб, ижтимоий-иқтисодий аҳволига кўра, 4 та тоифага ажратилди.
Бундан ташқари, ҳоким ёрдамчилари томонидан “маҳаллабай” микролойиҳаларнинг 49 мингтаси ишга туширилиб, 239 минг ишсиз аҳоли даромадли меҳнат билан бандлигига эришилди. Бундан ташқари, аҳоли ва тадбиркорларнинг 425 минг лойиҳасини амалга оширишга кўмаклашилди, 500 мингдан зиёд янги иш ўринлари яратилишга эришилди.
Аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш, уларга меҳнат қуроллари ва асбоб ускуналари олиб бериш бўйича 75 минг нафар ишсиз фуқарога 263 миллиард сўмлик субсидия ажратилди.
Тиббий-ижтимоий экспертиза соҳаси
2022 йил 1 августдан Тошкент шаҳрида, 2023 йилдан республиканинг барча ҳудудларида ногиронлиги бўлган шахсларни тиббий-ижтимоий эксперт комиссияларида ҳисобга олиш ва кўрикдан ўтказишнинг янги “Тиббий-ижтимоий экспертиза” электрон ахборот тизими жорий этилди.
Бунда даволаш-профилактика муассасаларининг оператор-ҳамширалари томонидан йўлланмаларни, касаллик тарихидан кўчирмаларни, амбулатор карталарни, вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик варақаси ҳамда касб касаллигини белгилаш учун асос бўладиган хулосадан кўчирмалар ахборот тизимига электрон тарзда киритиб борилмоқда.
Маҳалла институтини ривожлантириш соҳаси
Маҳалла – аҳолига энг яқин ва халқчил тузилмага айланди. Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари “Кучли давлатдан – кучли фуқаролик жамияти сари” концепциясини ҳаётга татбиқ этишда энг муҳим ташкилий-институционал бўғин бўлиб хизмат қилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 3 февралда қабул қилинган “Маҳалла институтини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг маҳаллий аҳамиятга молик масалаларни самарали ҳал қилишдаги ролини ошириш, уларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ҳамда давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтлари билан ўзаро ҳамкорлигини янада ривожлантиришга қаратилган ташкилий-ҳуқуқий чора-тадбирларни белгилаб берди.
Хулоса шуки, янги Ўзбекистонда аҳоли манфаатларини ҳимоя қилиш йўлидаги оқилона сиёсат эътиборга молик. Инсон қадри – улуғ, у эртага эмас, узоқ келажакда эмас, айнан бугун ўз ҳаётидан рози ва мамнун бўлиб яшаши керак, деган эзгу ғоя ижобатига барчамиз гувоҳ бўляпмиз.
ЎзА мухбири Беҳруз Худойбердиев тайёрлади.