Шимолий Корея чоршанба куни Япон денгизи томон битта узоқ масофали баллистик ракета учирди. Бу ҳақда Корея Республикаси Қуролли кучлари штаб бошқармалари қўмитасига таяниб, “Yonhap” агентлиги хабар берди.

Япония ҳукумати бу муносабат билан норозилик билдирди.

– КХДРнинг ҳаракатлари минтақа ва халқаро ҳамжамият тинчлиги ва барқарорлигига таҳдид солади, уларни мутлақо қабул қилиб бўлмайди, дея таъкидлади вазирлар маҳкамаси бош котиби Хирокадзу Мацуно.

“Шу муносабат билан биз Пекиндаги элчихонамиз орқали кескин норозилик билдирдик”.

Унинг аниқлик киритишича, ракета Пхеньян яқинидаги ҳудуддан шарқий йўналишда учирилган. У 74 дақиқа давомида ҳавода бўлган ва Япониянинг эксклюзив иқтисодий зонасидан ташқарида, Хоккайдодан 250 километр узоқликда қулаган.

“Ракетанинг максимал парвоз баландлиги олти минг километр, парвоз масофаси бир минг километрдан ошиқ бўлган”, деб қўшимча қилган Мацуно.

“Киодо” агентлигининг маълум қилишича, Шимолий Корея сўнгги марта 15 июнь куни ракета учирган эди.

ЎзА