Қурилиш материаллари саноатини ривожлантиришда масъул идора ва муассасалар вакилларидан иборат Ўзбекистон делегaцияси Италия давлатида бўлиб, Италия керамика ишлаб чиқарувчилари конфедерацияси, савдо ва экспорт-кредит агентликлари, “Италия-Ўзбекистон” палатаси ҳамда қатор етакчи компаниялар мутасаддилари билан амалий учрашувлар ўтказди. Ташриф доирасида манфаатли келишувларга эришилди.
Давлатимиз раҳбари бошчилигида маҳаллий саноатни ривожлантиришда ҳар бир йўналишда етакчи давлатлар тажрибасини ўзлаштиришга қаратилган устувор вазифалар белгиланган. Хусусан, керамика плиталар, санитар-техник буюмлар ҳамда чинни идишлар ишлаб чиқаришни Европа стандартларига мувофиқлаштириш бўйича алоҳида топшириқлар берилган.
Шу мақсадда Италияда бўлган делегация аъзолари мазкур соҳага алоқадор ўнга яқин ташкилот ва муассасалар ҳамда йирик ишлаб чиқарувчилар билан музокаралар ўтказди.
“Azzurra Ceramica” санитар-техник буюмлар ишлаб чиқариш компанияси, “Аrcucci Cеrаmicа” керамика ва сопол идишлар ишлаб чиқариш корхонаси, “Senini” турли блоклар, қопламалар ва йўлак плиталари ишлаб чиқариш компанияси ҳамда “SIVER S.R.L.” дистрибьюторлик компанияси вакиллари билан бўлиб ўтган учрашувлар натижасида ҳамкорлик тўғрисида келишувлар имзоланди.
Инвестициялар, экспортни қўллаб-қувватлаш ва қўшма лойиҳаларни амалга оширишда “Confindustria Ceramica” – керамик маҳсулотлар ишлаб чиқарувчилар конфедерацияси, “ICE” – Италия савдо агентлиги, “Sisai” ҳамда “Imagro Group” инжиниринг-консалтинг хизматлари компаниялари билан шерикчилик муносабатлари ўрнатилди.
Италия – Ўзбекистон савдо палатаси, Қурилиш материаллари саноатини ривожлантириш бўйича Кенгаш ҳамда «Ўзсаноатқурилишматериаллари» уюшмаси ўртасида керамика маҳсулотлари саноатида ҳамкорликни ташкил этиш бўйича имзоланган меморандумда соҳани янги босқичга олиб чиқадиган лойиҳаларни амалга ошириш, маҳсулотлар сифатини халқаро стандартларга мослаштириш, мутахассислар тайёрлаш, технологларни жалб қилиш ҳамда кўргазмаларда иштирок этиш орқали Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган маҳсулотларни дунё бозорида танитиш масалалари илгари сурилди.
Реклама ҳуқуқи асосида
Банк Ахборот хизмати