Тўрткўл тумани тиббиёт коллежи жамоаси ўртасида бўлган можароли ҳолатлар бўйича ижтимоий тармоқларда тарқалган видео тасвирлар юзасидан Қорақалпоғистон Республикаси Прокуратураси расмий муносабат билдирди.

Унда қайд этилишича, фуқароларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш ва ҳал қилиш барча давлат идоралари, шу жумладан, прокуратура органларининг ҳам устувор вазифаларидан бири ҳисобланади. Жорий йил биринчи ярмида Қорақалпоғистон Республикаси прокуратура органларига жами 8 минг 294 мурожаат келиб тушиб, шундан 6 минг 112 таси бевосита прокуратура органлари томонидан ҳал қилинган. Уларнинг 1 минг 816 таси қаноатлантирилиб, 2 минг 17 нафар фуқаро ва юридик шахснинг ҳуқуқи тикланди.

Бевосита сайёр қабулларда прокурорлар томонидан салкам 3 минг нафар фуқаро қабул қилиниб, улардан 810 нафарининг талаби қаноатлантирилган. Шу жумладан, ижтимоий тармоқлар орқали келиб тушаётган мурожаатлар ҳам прокуратура органларининг алоҳида эътиборида бўлиб, натижалари доимий равишда кенг жамоатчилик эътиборига етказилмоқда.

2023 йил 5 июль куни мурожаат йўллаган Тўрткўл тумани тиббиёт коллежи ўқитувчилари Қорақалпоғистон Республикаси Прокуратураси томонидан қабул қилиниб, бу борада текшириш ҳаракатлари ўтказилмоқда. Унинг якунига кўра, барча ҳолатлар тўлиқ ва холисона ўрганилиши ҳамда ҳуқуқий баҳо берилиши таъминланади.

Довуд АБИБУЛЛАЕВ, ЎзА