Кейинги йилларда мамлакатимизда қайта тикланувчи энергия манбаларини ва энергия тежовчи технологияларни жорий этишни жадаллаштириш, соҳани давлат томонидан қўллаб-қувватлаш механизмларини такомиллаштириш борасида изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Бугунги кунда Президентимиз томонидан аҳоли ва тадбиркорлик субъектларини энергия ресурслари билан барқарор таъминлаш, соҳанинг инвестициявий жозибадорлигини оширишга алоҳида эътибор қаратиляпти.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Экологик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилишида “Қайта тикланувчи энергия манбаларини жорий этишни жадаллаштириш муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда муҳокама этилди.

Қайд этилганидек, соҳанинг ҳуқуқий асосларини янада мустаҳкамлаш мақсадида ишлаб чиқилган мазкур қонун лойиҳаси билан қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмаларини ўрнатган жисмоний ва юридик шахсларга бир қатор солиқ имтиёзлари белгиланмоқда. Хусусан, умумий қуввати 100 кВтгача бўлган қайта тикланадиган энергия манбалари қурилмаларидан фойдаланган ҳолда умумий тармоққа сотилган электр энергиясидан олинадиган даромадларни фойда солиғидан озод этиш таклиф этилмоқда.

Шу билан бирга, қайта тикланадиган энергия манбаларидан фойдаланувчи жисмоний ва юридик шахсларни мол-мулк солиғидан, қурилмалар билан банд бўлган ерлар бўйича ер солиғидан озод этиш назарда тутилмоқда.

Ердан оқилона фойдаланиш, кўп қаватли ишлаб чиқариш биноларини қуриш ҳамда ҳудудларнинг саноат салоҳиятини кенгайтириш мақсадида кўп қаватли ишлаб чиқариш биноларини фойдаланишга топширган тадбиркорларни мол-мулк солиғини пасайтирилган коэффициентларда тўлашга доир имтиёзлар белгилаш кўзда тутилмоқда.

Фракция аъзолари Ўзбекистон Экологик партиясининг дастурида ҳам мамлакатда «яшил» иқтисодиётга ўтиш, қайта тикланувчи ва бошқа муқобил энергия манбаларини татбиқ этиш жараёнларини фаоллаштириш борасида алоҳида мақсад-вазифалар белгилаб олингани, ушбу қонун лойиҳаси партиянинг бу борадаги дастурий вазифаларига ҳамоҳанг эканлигини таъкидладилар. Шундан келиб чиқиб, депутатлар қонун лойиҳасини иккинчи ўқишда қўллаб-қувватлади.

 

М.Комилова,  

ЎзА