ФОТОРЕПОРТАЖ

Мураккаб иқлим ва тупроқ шароитига эга, экологик оғир ҳудуд ҳисобланган Оролбўйида деҳқончилик қилиш осон юмуш эмас. Бироқ шундай шароитда ҳам ер билан тиллашиб, уни даромад манбаига айлантира олган омилкорлар бор. Қорақалпоғистон Республикаси Қанликўл тумани «Дўстлик» маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Толибой Бойниёзов ана шундай инсонлардан бири.

Т. Бойниёзов хонадонидаги 8 сотихдан иборат томорқасида, бир неча йилдирки, мева ва сабзавот маҳсулотларини етиштириб келмоқда. 2 сотихли иссиқхонада қиш кунлари бодринг ва помидор кўчатларини экиб, эрта баҳордан ушбу сабзавотларни бозорга чиқариб сота бошлайди. Олма, ўрик, нок, узум, олхўри каби мевали дарахтлар ҳам бирин-кетин ҳосил бериб, рўзғорга барака киритади.

– Рафиқам Тозагул  билан хонадонимизда  гулчиликни ҳам йўлга қўйдик, –  дейди Толибой ака. – Бир сотих майдондаги иссиқхонада атиргул, хризантема, бегония каби гуллар билан бирга лимон, хурмо кўчатларини парваришлашни ўзлаштирдик. Қимирлаган қир ошар, деб бекорга айтмас эканлар. Шу меҳнатимиз туфайли дастурхонимиз тўкин, орзу-ҳавасларимизга бирма-бир етишяпмиз. Муҳими, фарзандларимиз ҳам ерга меҳр қўйиб улғаймоқдалар.

 

Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ(сурат),ЎзА