Ўзбекистон Республикаси инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Қудратов “ACWA Power” компанияси бошқаруви раиси Муҳаммад Aбунаян билан музокара ўтказди. Томонлар компаниянинг мамлакатимиздаги жорий лойиҳалари ҳолатини, энергетика ва кимё саноатида инвестициявий ҳамкорликни янада кенгайтириш истиқболини муҳокама қилдилар.
Учрашувда мазкур хорижий корхонанинг республика энергетика тармоғини ривожлантиришга қўшган салмоқли ҳиссаси қайд этилди. Бугунги кунда компаниянинг мамлакатимиздаги инвестиция портфели умумий қиймати 6,8 миллиард доллардан ортган, умумий қуввати 5,5 ГВтдан зиёд 8 та лойиҳадан иборат. Компания фаолияти Ўзбекистонни қулай инвестициявий йўналиш ва Марказий Осиё минтақасида қайта тикланувчи энергия манбаларини жорий этиш бўйича етакчи марказ сифатида илгари суришда муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди.
Сирдарёда қуввати 1,5 ГВт буғ-газ электр станцияси, Бухоро вилояти ва Қорақалпоғистон Республикасида умумий қуввати 2,6 ГВтга тенг шамол электр станциялари ҳамда Самарқанд ва Тошкент вилоятларида 1,4 ГВт қувватли қуёш станциялари қуриш лойиҳаларини амалга ошириш билан боғлиқ долзарб масалалар юзасидан конструктив фикр алмашилди.
Лойиҳаларни жадал ишга туширишни таъминлаш бўйича амалий чора-тадбирлар мажмуасини қабул қилишга келишилди.
Aлоҳида тартибда бир қатор янги ташаббуслар кўриб чиқилди. Шу тариқа, томонлар зарур жараён якунлангани ва йилига 3 минг тонна қувватга эга “яшил” водород ишлаб чиқарувчи завод қурилиши лойиҳаси бўйича янги келишув тузилганини олқишлади. Қурилиш ишлари жорий йил кузда бошланади.
Бундан ташқари, шамол турбиналари учун ускуна ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш лойиҳасини жадаллаштириш истиқболи муҳокама қилинди. Иккала томоннинг фикрига кўра, мазкур лойиҳанинг Ўзбекистонда амалга оширилиши қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш географияси ва ҳажмини сезиларли даражада кенгайтиради ва мазкур технологияларнинг ички бозорда оммабоплигини оширади.
Музокара якуни бўйича муҳокама қилинган лойиҳа ва ташаббусларни вақтида, муваффақиятли амалга ошириш доирасида мақсадли чора-тадбирлар кўришга келишилди.
ЎзА