НАТОга аъзо мамлакатлар Вильнюс саммитида мудофаа харажатини камида ЯИМнинг 2 фоизи миқдорида белгилашга келишиб олади. Бу ҳақда АҚШ Президентининг миллий хавфсизлик бўйича ёрдамчиси Жейк Салливан маълум қилди.

“Иттифоқчилар мудофаа харажатини оширишга келишиб, мудофаа инвестицияси бўйича янги мажбурият олади. Мудофаа харажати ЯИМнинг камида 2 фоизини ташкил қилиши бўйича шартлашиб оламиз. Бу билан барча аъзо мамлакатлар учун жамоавий мудофаага кўпроқ маблағ ажратиш муҳимлигини таъкидламоқчимиз”, – деди у.

Салливан Альянсга аъзо мамлакатларнинг кўпчилиги мудофаа харажатини зарур миқдорда оширишга рози бўлгани, ҳозир долзарб бўлаётган қурол турларини ишлаб чиқариш орқали келгусида мудофаа салоҳиятини ошириб боришини таъкидлаган.

НАТО мамлакатлари 2014 йил сентябрда Уэльс саммитида мудофаа сарфини мамлакат ЯИМ 2 фоизига етказишга келишиб олган эди. Жорий йил март ойида Альянс Бош котиби Йенс Столтенберг тақдим этган НАТОнинг йиллик ҳисоботида 30 давлатдан атиги 7 таси 2 фоизлик кўрсаткичга эришгани кўрсатиб ўтилган.