Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида Италиянинг тарихий илмий-оммабоп адабиётларга ихтисослашган етакчи нашриётлардан бири – “Сандро Тети Эдиторе” нашриёт уйи раҳбари Сандро Тети билан учрашув бўлиб ўтди.
Мазкур учрашув давомида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, Ўзбекистон халқ шоири Сирожиддин Саййид мамлакатимизда адабий-маърифий алоқаларни мустаҳкамлаш, энг сара асарларни жаҳон тилларига таржима этиш борасидаги эзгу ташаббуслар хусусида батафсил сўзлаб берди.
Шунингдек, миллий адабиётимизни ривожлантириш, ижод аҳлини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш борасидаги чора-тадбирлар ҳақидаги ибратли саъй-ҳаракатлар ҳам италиялик меҳмонда катта таассурот қолдирди.
Ўзбекистон Республикаси Президентлигига сайловда халқаро кузатувчи сифатида иштирок этган Сандро Тети Эдиторе” нашриёт уйи раҳбари мамлакатимиздаги маърифий янгиланишларни, бўлиб ўтган сайлов жараёнини юксак баҳолади.
Айтиш жоизки, буюк бобокалонимиз Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг «Бобурнома» асари Италиянинг тарихий илмий-оммабоп адабиётларга ихтисослашган етакчи нашриётлардан бири – “Сандро Тети Эдиторе” нашриёт уйида юқори полиграфик сифатда чоп этилган.
Мулоқот давомида хорижлик меҳмон Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси фаолияти, халқаро адабий муносабатлар, уюшманинг келгусидаги режалари, файзли «Адиблар хиёбони» билан батафсил танишди.
Назокат Усмонова, ЎзА