Марказий сайлов комиссиясида халқаро кузатувчилар — Ислом ҳамкорлик ташкилоти вакиллари билан бўлиб ўтган навбатдаги учрашувда сайлов жараёни халқаро стандартларга мос, фуқаролар ҳақ-ҳуқуқини таъминлашга қаратилган барча қулайликлар яратилгани хусусида маълумот берилди.
Мулоқот чоғида мамлакатимизда ташкил этилган 10 минг 784 та сайлов участкасида Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳияси садолари остида сайловчилар овоз беришга киришгани қайд этилди.
ИҲТ вакили Адаму Бубакар сайловга демократик тамойилларга хос тайёргарлик кўрилганини юқори баҳолаб, тадбирлар халқаро нормалар ва стандартларга тўла мос келишини, шунингдек, ёшлар, нуронийлар, жамиятдаги барча қатлам вакиллари овоз беришда фаол иштирок этаётганини таъкидлади.
МСК таклифига биноан МДҲ Ижроия қўмитаси кузатувчилари миссияси сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш жараёнини кузатиб бормоқда.
Миссия Ўзбекистонга ташрифи мобайнида республикамизнинг бир қатор сайлов участкаларида бўлиб, кузатувлар борасида ўзининг тегишли хулоса ва тавсияларини бериши режалаштирилган.
Беҳруз Худойбердиев, ЎзА