Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигининг @uza_uz телеграм канали орқали Ўзбекистон Республикаси Маданий мерос агентлиги билан ҳамкорликда «Маданий меросни асраш бўйича қандай ишлар амалга оширилмоқда?» мавзусида овозли чат бўлиб ўтди.
Унда агентлик бошқарма бошлиғи Отабек Равшанов ҳамда Ахборот хизмати раҳбари Моҳинур Имомовалар кузатувчиларни қизиқтирган саволларга жавоб берди.
– Маданий мерос объектларини таъмирлаш хусусида гапириб ўтсангиз. Мисол учун 2022 йилда қанча объектлар таъмирланди?
– Сўнгги йилларда маданий мерос соҳасини ривожлантириш учун давлат бюджетидан салмоқли маблағлар ажратилмоқда. Биргина ўтган 2022 йил ҳақида айтадиган бўлсак, 72 та объектни таъмирлаш учун 144 миллиард сўм маблағ ажратилган. Шундан 65 миллиард сўмлик асрашга доир ишлар амалга оширилган.
Таъмирланадиган объектларни бир йил олдин хатловдан ўтказиб, манзилли рўйхатини шакллантириб борамиз. Ўтган йили 72 та объект рўйхатга олинган бўлса, бу йил мазкур объектлар сони 158 тага ошди. 158 та объект учун жорий йилда 150 миллиард сўм маблағ ажратилган. Биз ҳудудлар миқёсида реставрация, консервация ишларини олиб борамиз, – дейди Отабек Равшанов.
– Маданий мерос объектлари ҳудудида ноқонуний қурилишлар қуришнинг олдини олиш масаласида қандай ишлар амалга оширилмоқда?
– Бугунги кунда маданий мерос ҳудудларида ноқонуний қурилишлар натижасида объектга зарар етказиш ҳолатлари учраб турибди. Маданий мерос соҳасининг тартиб-таомиллари бор. Айрим фуқароларимиз буни билиб ёки билмасдан бузиб қўйган ҳолатлар бўляпти.
Самарқанд, Бухоро, Хоразм вилоятларида тарихий ҳудудларимиз кўп. Мазкур ҳудудларда ҳар қандай қурилиш, ободонлаштириш ишлари маданий мерос агентлиги билан келишилган ҳолда амалга оширилади. Агентлигимиз қошида илмий экспертлар кенгаши мавжуд бўлиб, объектларда «буфер зона» деган атамаларимиз бор. «Буфер зона»ларда қурилиш ишларини маданий мерос агентлигининг илмий эксперт кенгашини хулосаси асосида амалга ошириш лозим. Агар кенгаш рад этса, демак мумкин эмас.
Агентлигимиз қошида маданий мерос соҳасини назорат қилувчи бўлим мавжуд. Ушбу бўлим ходимлари айнан ноқонуний қурилишлар, маданий мерос объектларига етказилган зарар бўйича доимий мониторинг олиб боради.
Суҳбат давомида Моҳинур Имомова ҳам ҳамкасбининг фикрларига қўшимча тарзда маданий мерос объектларига ҳозирги кунда зарар етказган шахслар учун қандай жазо чоралари қўлланилиши ҳақида ўз мулоҳазаларини билдириб ўтди.
– Ҳозирги кунда маданий мерос объектлари 8209 тани ташкил қиладиган бўлса, улар гуруҳларга бўлинган, –дейди М.Имомова. – Булар ЮНЕСКОнинг умумжаҳон мерос рўйхатига киритилган, республика ҳамда маҳаллий аҳамиятга эга объектлар ҳисобланади. Вазирлар Маҳкамасининг “Моддий маданий мeрос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланишга оид айрим норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори билан маданий мерос объектларини муҳофаза ҳудуди белгиланган. Умумжаҳон аҳамиятга эга бўлган объектларнинг муҳофаза ҳудуди ушбу объектдан кейин 300 метр, республика аҳамиятдаги объектлар 100 метр, маҳаллий объектлар 50 метр масофа «буфер», яъни ҳимоя ҳудуди ҳисобланади.
Ушбу ҳудуддаги барча қурилиш, ободонлаштириш каби ишлар агентлигимиз ҳузуридаги илмий экспертиза кенгаши билан биргаликда амалга оширилади.
2022 йил давомида агентлигимиз ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ташкилотлар билан ҳамкорликда олиб борган мониторинг натижаларига кўра 74 та ноқонуний қурилишлар, яъни объектларга зарар етказилганлиги аниқланган.
2022 йил 16 февралда жиноят кодекси ҳамда маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларга айнан маданий мерос объектларига зарар етказган шахслар учун жавобгарликни кучайтириш тўғрисида нормалар киритилди. Мазкур нормаларда давлат муҳофазасидаги объектларга зарар етказган шахсларга нисбатан 3 йилдан 5 йилгача қамоқ жазоси бўйича чора кўриш белгилаб қўйилган.
Н.Раҳмонова, А. Содиқов (видео), ЎзА