Бугун мамлакатимизда бўлиб ўтаётган Президент сайловини 800 га яқин халқаро кузатувчи бевосита кузатиб бормоқда. Улар сайлов участкаларида бўлиб, тайёргарлик ва овоз бериш жараёнларини, фуқароларнинг иштирокини кузатишмоқда.
Қозоғистондан ташриф буюрган кузатувчи Фахриддин Каратаев ЎзА мухбирига сайлов жараёнлари юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди:
— Ўзбекистонда бўлаётган бугунги жараён бутун Ўрта Осиё халқларини, хусусан, Қозоғистон халқини ҳам бефарқ қолдирмаяпти. Бугун эрталабдан пойтахтдаги бир нечта сайлов участкасида бўлдим. У ерда сайловчиларнинг келишини, кайфиятини кўриб хурсанд бўлдим. Одамлар фарзандлари, неваралари билан бирга келиб, сайловда иштирок этмоқда. Сайловчиларнинг бир-бирига илиқлиги, келажакка ишончини кўриб қувоняпмиз. Сайловга тайёргарлик ва тарғибот ишлари жуда яхши ташкил этилган.
2016 йилдан буён Ўзбекистондаги сайловларда иштирок этаман. Йилдан-йилга сайловларнинг нуфузи ортаётганини кўриб, гувоҳи бўляпмиз. Хорижий кузатувчилар ҳам бу ердаги ташкиллаштириш ишларидан ўзларига намуна олишяпти, ўрганишяпти.
Шуни таъкидлашим керакки, Ўзбекистон ва Қозоғистон Президентларининг олдига қўйган мақсадлари иккала халқни бир-бирига яқинлаштириб, келажакдаги алоқаларимизни янада кенгайтиради, мустаҳкамлайди.
Муҳтарама Комилова, ЎзА