Пойтахтимизда ўтказилаётган маданий ҳафталик, конференциялар қошида ташкил этилган “Янги Ўзбекистон – ижтимоий давлат” халқаро анжумани – “Самарали миграция сиёсати: хориждаги фуқароларни қўллаб-қувватлаш” панел сессияда нуфузли халқаро ташкилотлар раҳбарлари, мутахассислар ҳам иштирок этди.
Тадбирда, жумладан,“Eurodas” ташкилоти раҳбари Роман Холенков, “Japan Regio Sahou Association” компанияси президенти Норио Амемия, “United Business Clubs” ассоциацияси президенти Веселин Холачов сўзга чиқиб, мазкур сессиялар ноқонуний ташқи меҳнат миграцияси ва одам савдосига қарши курашиш соҳасида халқаро ҳамкорликни янада ривожлантириш механизмини биргаликда яратиш имконини беришини таъкидлади.
Меҳнат мигрантларини молиявий ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳаёти ва соғлиғини суғурталаш амалиётини кенгайтириш ташаббуси илгари сурилди. Меҳнат миграциясидан қайтиб келган шахсларни реинтеграция қилиш, уларнинг бандлигини таъминлаш, касбий малакасини ошириш ва тадбиркорлик ташаббусларини рағбатлантириш муҳим, деган фикрлар билдирилди.
Веселин Холачов “Ўзбекистон – Болгария – Ўзбекистондан Европага ишчи кучи ҳаракатчанлиги учун табиий кўприк” мавзусида маъруза қилиб, меҳнат миграцияси соҳасида ҳамкорликни янада кенгайтириш, Болгария корхоналаридаги мавжуд бўш иш ўринларига, хусусан, меҳмонхона, тиббиёт, ҳайдовчилик, логистика ва хизмат кўрсатиш, ишлаб чиқаришнинг бошқа соҳаларига Ўзбекистон фуқароларини ташкилий тарзда ишга жалб этишни янада кенгайтириш масалаларига тўхталиб ўтди.
Йиғилишда ташқи меҳнат миграцияси соҳасидаги муаммолар ҳам тилга олинди. Мамлакатларда маҳаллий ишчи кучига бўлган талаб камайиши ва ишсизлик муаммоси кучайиши хусусида сўз борар экан, олдимизда муҳожирларнинг интеграциялашуви ва мослашиши каби қийинчиликларни бартараф этиш масаласи тургани қайд этилди. Шундай жараёнда халқаро ташкилотлар бирлашуви, йирик анжуманлар ташкил этиш орқали фуқароларимиз ҳуқуқ ва эркинлигини таъминлашга янада кўпроқ ҳаракат қилиш лозимлиги айтиб ўтилди.
– Бугунги кунда миграция ошиши, ижтимоий-иқтисодий, сиёсий-ҳуқуқий ҳамда аҳоли фаровонлигини ошириш ва барқарор ривожланишга салбий таъсир кўрсатувчи иқлим ва ҳарорат кескин ўзгариши, сув ресурслари камайиши, табиий офатлар кўпайиши ва қишлоқ хўжалиги унумдорлиги пасайиши каби омиллар билан боғлиқ. Ушбу омиллар, айниқса, аҳолининг энг заиф қатламларига кўпроқ таъсир кўрсатишии табиий, – дея фикр билдирди “World Workers Ltd” компанияси Бош директори Жани Хавунун.
Тақдимот чоғида, шунингдек, Халқаро меҳнат ташкилотининг “Меҳнаткаш-мигрантлар тўғрисида”ги 97-сонли Конвенциясини Ўзбекистонда ратификация қилиш бўйича иш олиб борилаётгани очиқланди.
Сессия якунида хорижий иш берувчилар билан ҳамкорлик меморандумни имзолаш маросими бўлиб ўтди. Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги Люксембург, Литва ва Германиянинг 6 та иш берувчи компанияси билан меморандумлар имзолади.
Беҳруз Худойбердиев, ЎзА