Пойтахтимизда ўтказилаётган “Янги Ўзбекистон: тараққиёт, инновация ва маърифат” мавзусидаги Халқаро шериклик ташаббуслари ҳафталиги доирасида “Digital Leadership Uzbekistan 2023” халқаро форуми бўлиб ўтди.
Ушбу форум Ўзбекистонда ўз бизнесини дунёга намойиш қилмоқчи бўлган компаниялар иштирок этишлари учун зарур тадбирлардан бири ҳисобланади. Форумда 300 дан ортиқ BPO (Business Process Outsourcing) ва IТ-аутсорсинг компаниялари, хорижий ташкилотлар, тадбиркорлар ҳамда бутун дунёдан 20 дан ортиқ спикерлар иштирок этмоқда. Бу компанияларни IТ-аутсорсинг ва BPO хизматларининг етакчи провайдери сифатида тарғиб қилишга ажойиб имконият яратади.
— Бугунги тадбирдан кўзланган асосий мақсад юртимизда рақамлаштириш соҳасида ўтган йиллар давомида қилинган ишлар, эришилган натижалар ҳамда келажакда режалаштирилган мақсадларимиз ҳақида хорижий ҳамкорлар, халқаро ташкилотлар вакилларини хабардор қилишдан иборат, — дейди Электрон ҳукумат тизимини ривожлантириш бошқармаси бошлиғи Аюбхон Султонов. — Тадбир давомида рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов ҳамда бир қатор халқаро экспертлар ўзларининг чиқишлари билан иштирок этди.
Ўтган йиллар давомидаги бир қатор ислоҳотлар натижасида электрон ҳукумат, рақамли иқтисодиёт, IT таълим соҳасида кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Вазирлик ўз олдига кўплаб вазифаларни бажаришни режалаштириб олган. Хусусан ҳозирда электрон хизматлар сони, яъни Ягона интерактив давлат хизматлари порталида 440 тага етди. Йил охиригача буни 570 тага етказиш режалаштирилган. Бундан ташқари маълумотлар алмашинувини йўлга қўйиш орқали аҳолидан қўшимча 40 тадан ортиқ маълумотнома сўралишини бекор қилиш режалаштирилган.
Шунингдек, форумда иштирок этаётган тадбиркорлар ўз компанияларини намойиш этишдан ташқари, Ўзбекистондаги BPO ҳамда IТ-аутсорсинг компаниялар бозори ва шароитларини ўрганиш имкониятига ҳам эга бўлишади. Ўзбекистон Марказий Осиёдаги энг жадал ривожланаётган IТ-ҳаблардан бири бўлиб, форум ушбу ўсиб бораётган бозор ҳақида батафсил маълумот олиш имкониятини тақдим этади.
Н.Раҳмонова, ЎзА