Бугун, 7 июль маданий мерос ҳафталигининг сўнгги куни. Илк сессия “Барқарор иқтисодий тараққиёт: долзарб масалалар” мавзусига бағишланди.

Нуфузли халқаро молия ва илмий-тадқиқот институтлари ҳамда консалтинг компаниялари вакиллари иштирок этаётган йиғилишда барқарор иқтисодий ўсишни таъминлашнинг муҳим йўналишлари ҳақида фикр юритилмоқда.

Сессияда Ўзбекистон иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари Илҳом Норқулов, Сингапур халқаро ҳамкорлик ташкилоти ижрочи директори Конг Вай Мун, Жаҳон Банкининг Европа ва Марказий Осиё минтақалари бўйича катта иқтисодчиси – Пинар Яшар, Руминия Рақобат ташкилоти президенти Богдан Кирицою нутқ сўзлади.

Анжуман аввалида сессия модератори Стивен Коул иштирокчиларга бугунги кунда жаҳон иқтисодиётида кузатилаётган мураккаблик, мазкур шароитда Ўзбекистон иқтисодиётида эришилаётган натижалар тўғрисида ахборот тақдим этди.

Дастурга мувофиқ, вазир ўринбосари Илҳом Норқулов юртимизда амалга оширилаётган ислоҳот, шунингдек, иқтисодий кўрсаткичлар ва истиқболдаги вазифалар тўғрисида тақдимот қилди.

– Глобал макроиқтисодий жараёндаги мураккаблик, жумладан, юқори инфляция ва фоиз ставкалари, халқаро транспорт-логистика занжирларидаги узилишлар ҳамда ошиб бораётган энергия ресурслари шароитида Ўзбекистоннинг ўз олдига қўйган мақсад ва белгиланган устувор вазифалари бисёр, – деди иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари.

У, шунингдек, 2030 йилга қадар мамлакатимизни “ўртадан юқори даромадли” мамлакатлар гуруҳига кириши учун амалга ошириладиган муҳим ислоҳотлар йўналишларига алоҳида тўхталди.

Конг Вай Мун иштирокчиларни Сингапурнинг рақамли давлат хизматларини кўрсатиш тажрибаси ва рақамли трансформация жараёни билан таништирди. Шундан сўнг Сингапур саноат трансформацияси дастури ва уни Ўзбекистон шароитида амалга ошириш истиқболлари юзасидан фикр алмашилди.

Конференциянинг иккинчи қисмида “Янги Ўзбекистоннинг инвестицион жозибадорлиги, хорижий инвесторларни жалб этиш бўйича, олиб борилаётган ишлар” сессияси бўлиб ўтади.

ЎзАни кузатиб боринг, ҳар бир сессия тафсилотлари эълон қилинади

Беҳруз Худойбердиев,

ЎзА