Бу ҳақда “Барқарор ривожланиш мақсадлари: озиқ-овқат хавфсизлиги ва сув таъминоти” мавзусидаги халқаро конференцияда Жаҳон банки сув ресурсларини бошқариш лойиҳалари раҳбари Абдулхамид Азад маълум қилди.
– Ўзбекистон сув хўжалигини ривожлантиришнинг 2020-2030 йилларга мўлжалланган концепциясидан мақсад сув хўжалиги соҳасидаги муаммоларга ечим топиш, шунингдек, мамлакатни келажакда кутилаётган сув танқислигига тайёрлаш.
Юртингизда сув ресурсларининг қарийб 90 фоизи қишлоқ хўжалиги соҳасида сарфланади. Сувдан самарали фойдаланиш деганда фақатгина сувни тежайдиган технологиялар жорий этилишини тушунмаслик керак. Соҳани рақамлаштириш, ходимларни ўқитиш, малакасини оширишга ҳам эътибор қаратиш зарур.
Яқинда Қорақалпоғистонга бориб келдим. Жаҳон банки иштирокидаги “Жанубий Қорақалпоғистонда сув ресурсларини бошқаришни яхшилаш” лойиҳаси доирасидаги ишлар билан танишдик. Шунингдек, “Фарғона водийсида сув ресурсларини бошқариш 2-босқич” лойиҳаси ҳам амалга оширилмоқда.
Ушбу лойиҳалар Ўзбекистон билан сув хўжалиги соҳасида ҳамкорлигимиз ривожланаётганидан далолат, дейиш мумкин.
Б.Худойбердиев, ЎзА