Ўзбекистон энергетика тизимида биринчи бўлиб “Ўзбекгидроэнерго” АЖ таркибидаги ГЭСларда “яшил энергия” сертификатлари тизими жорий этилди. Эндиликда яшил сертификатлар биржа савдоси орқали маҳаллий ва хорижий ҳамкорларга сотила бошлайди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 12 майдаги “Яшил энергия” сертификатлари тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, 2023 йил 1 июлдан бошлаб “Ўзбекгидроэнерго” АЖ тизимидаги гидроэлектр станцияларида ишлаб чиқарилган электр энергияси учун “яшил энергия” сертификатлари тизими жорий этилди.
Жорий ҳисоб-китобларга кўра, “Ўзбекгидроэнерго” АЖ тасарруфида 53 та ГЭС мавжуд бўлиб, умумий гидроэнергетик қуввати 2 225 МВтга тенг. ГЭСларда ишлаб чиқариладиган электр энергия ҳажмидан келиб чиққан ҳолда, Жамият томонидан йилига 7 миллион дона “яшил энергия” сертификатлари биржага савдога чиқарилиши ҳамда талабгорларга тақдим қилиш имконияти мавжуд. Бир дона “яшил энергия” сертификати қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланган ҳолда 1000 киловатт соат электр энергияси ишлаб чиқарилганлигини тасдиқлайди.
2030 йилга келиб иқтисодиётимизда энергия самарадорлиги 2 карра оширилиб, қарийб 50 миллиард киловатт соат “яшил энергия” ишлаб чиқарилади. 10 минг километр магистраль ва 110 минг километр ҳудудий электр тармоқлари барпо этилади.
Энергетика соҳасининг ажралмас “яшил бўғини” ҳисобланган гидроэнергетика соҳасида мазкур йўналишда қатор амалий ишлар изчил татбиқ этилмоқда.
“Яшил энергия” сертификати (қайта тикланадиган энергия сертификатлари деб ҳам аталади) қуёш, шамол, гидроэнергетика ва бошқа қайта тикланадиган энергия манбаларидан маълум миқдорда энергия ишлаб чиқарилганлигини тасдиқловчи электрон ҳужжатдир. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги Халқаро қайта тикланувчи энергия манбаларини сертификатлаш ташкилоти (I-REC) билан келишувга эришди ҳамда ушбу тизимни тартибга солувчи масъул орган (эмитент) сифатида ушбу ташкилот аккредитациясидан ўтган.
Ўзбекистон Республика товар-хом ашё биржаси томонидан биржа савдоларида “яшил энергия” сертификатларини сотишга мўлжалланган алоҳида “яшил энергетика секцияси” ташкил қилинган бўлиб, spot.uzex.uz сайти орқали “яшил энергия” сертификатларини сотувга қўйиб боради. Истеъмолчи томонидан “яшил энергия” сертификатларини харид қилиш бўйича ўрнатилган тартибда шартнома тузилади ҳамда шартнома асосида Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлигига, яъни эмитентга гидроэлектр станцияда ишлаб чиқарилган электр энергиясига мос бўлган ҳажмда сертификат чиқариш бўйича талабнома юборади.
Ушбу талабнома асосида Эмитент Жамият номига “яшил энергия” сертификатларининг ягона электрон платформасида сертификатларни чиқариб беради. Охирги босқичда Жамият томонидан сертификатлар истеъмолчи номига ҳисобдан чиқарилади.
Таъкидлаш жоизки, I-REC сертификатлари (“яшил энергия” сертификатлари)ни сотиш мамлакатга экологик масъулият ва қайта тикланадиган энергиядан фойдаланишга содиқлигини намойиш этиш имконини беради ҳамда табиий равишда Ўзбекистоннинг халқаро даражадаги экологик рейтингини оширади.
Ҳулкар Жўраева,
«Ўзбекгидроэнерго” АЖ Ахборот хизмати
бош мутахассиси.
ЎзА