Пойтахтимизда давом этаётган, “Янги Ўзбекистон: тараққиёт, инновация ва маърифат” дея номланган Халқаро шериклик ташаббуслари ҳафталиги доирасида “2023-2028 йилларда Ўзбекистонда қурилиш бозорини ривожлантириш” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди. Унда мамлакатимиз ва хорижий давлатларнинг қурилиш ва коммунал соҳасига дахлдор вакиллари иштирок этиб, соҳани ривожлантириш истиқболларини муҳокама қилди. Суҳбат жараёнида қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирининг биринчи ўринбосари Шерзод Ҳидоятов мамлакатимизда қурилиш соҳасининг ривожланиши, хусусан модернизация жараёнлари, рақамлаштириш босқичлари ҳақида маълумот берди.
– Ўзбекистон Республикасида қурилиш тармоғини модернизация қилиш, жадал ва инновацион ривожлантиришнинг стратегияси тасдиқланган бўлиб, шаҳарсозлик соҳасидаги эскириб қолган норматив ҳужжатларни замонавий жаҳон стандартларига мувофиқлаштириш қатъий белгилаб олинган дея сўз бошлади, – Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирининг биринчи ўринбосари Шерзод Ҳидоятов. – Мазкур модернизация жараёнлари учун Корея қурилиш технологиялари институти билан ҳамкорлик йўлга қўйилган. Шунингдек, ушбу ишларни мувофиқлаштириш учун 2022 йилда Қурилишда техник меъёрлаш ва стандартлаштириш илмий-тадқиқот институти ташкил этилди. Бугунги кунда институтда 80 дан ортиқ қурилиш, стандартлаштириш ва мувофиқликни баҳолаш бўйича илмий ходимлар ҳамда малакали мутахассислар фаолият олиб бормоқда.
Қурилишда техник меъёрлаш ва стандартлаштириш илмий-тадқиқот институти директори Шерзод Содиқов шаҳарсозлик соҳасидаги янгича тизим, такомилига етказилаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, илғор хориж тажрибаси ва технологияси жорий этилган лаборатор илмий тадқиқот жараёнлари ҳақида маълумот берди.
Бугунги тезкор замон, жаҳон бўйлаб глобаллашув жараёнлари тобора чуқурлашиб бораётган шароитда рақамлаштириш илғор давлатлар иқтисодиётининг барча тармоғида кенг жорий этилмоқда. Ҳаттоки, айрим мамлакатлар ушбу соҳанинг энг юқори чўққиси ҳисобланган сунъий интеллектдан фаол фойдаланишга ўтганига гувоҳ бўляпмиз. Рақамлаштириш ҳар бир соҳада инсонларсиз бошқарув тизимини йўлга қўйиш орқали коррупцияни камайтиради, солиқ тушумларини «ақлли» шартномалар тузиш орқали кўпайтиради, бюджет харажатларининг очиқлигини оширади, ягона электрон платформа орқали хизматлар кўрсатиш имкониятини беради. Ҳар бир жабҳада рақамлаштириш жараёнларини ташкил этиш келажакда реал рақобатбардошликни узоқ муддатга сақлаб қолиш имкониятини беради. Тадбирда мамлакатимизда қурилиш соҳасини рақамлаштириш юзасидан амалга оширилаётган ишларга ҳам тўхталиб ўтилди.
Ўзбекистон қурилиш соҳасини рақамлаштириш бўйича дунёнинг илдамлаб бораётган мамлакатлари қаторида. Вазирлик томонидан аҳолига, тадбиркорлик субъектларига буюртмачи, лойиҳачи ва пудрат ташкилотларига, умуман қурилиш жараёнларининг барча иштирокчиларига максимал даражада қулайлик яратиш мақсадида қатор ташаббуслар илгари сурилмоқда. Бунда барча хизмат ва технологик жараёнларни инсон омилининг аралашувисиз мувофиқлаштириб бориш мақсадида “Шаффоф қурилиш” миллий ахборот тизими ишга туширилди. Бу эса мазкур соҳадаги давлат хизматларини тўлиқ рақамлаштириш, ҳужжатларнинг электрон шаклда айланишини таъминлаш, инвестиция дастуридаги қурилиш объектларининг ҳолатини реал вақт режимида кузатиб бориш имконини бермоқда. Шунингдек, қурилиш объектларида назорат жараёнлари электронлаштирилиб, барча маълумотлар автоматик тарзда шакллантирилаяпти.
“Шаффоф қурилиш” миллий ахборот тизими директори ўринбосари Шуҳрат Ҳамдамов дастурий мажмуанинг асосий модуллари бўйича маълумот берди. “Қурилиш соҳасидаги давлат хизматлари ахборот тизими” платформаси орқали бир неча давлат хизматлари онлайн амалга оширилиб келинмокда. Жумладан, қурилиш ҳамда тугалланган объектдан фойдаланиш учун рухсатнома олиш ва ҳоказо. Қурилиш ва лойиҳа ташкилотларининг рейтингини аниқлаш тизимига республикада фаолият юритаётган 22 мингдан ортиқ қурилиш ва лойиҳа ташкилотлари киритилган. Мазкур ташкилотларнинг рейтинги унинг моддий-техник базаси, рақобатбардошлиги, кадрлар сиёсати, молиявий кўрсаткичлари, соҳа мутахассисларининг иш тажрибаси каби бир неча муҳим факторларни инобатга олган. Шунингдек, масъул давлат органларидан маълумотлар онлайн тартибда автоматлаштирилган ҳолда шакллантирилиб борилади. Таъкидлаш лозимки, дунё миқёсида тендер платформасининг аналоги мавжуд эмас, яъни ушбу тизим фақат Ўзбекистонда ташкил этилган. Бунда талабгорнинг маълумотлари автоматлаштир- илган тарзда Солиқ қўмитаси, Адлия вазирлиги, Мажбурий ижро бюроси, Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат инспекцияси ва Марказий банк маълумотлар базасидан олинади.
Шаҳарсозлик ҳужжатларини экспертизадан ўтказиш бўйича ахборот тизими тўлиқ рақамлаштирилди, бунда ариза берувчилар уйдан чиқмаган ҳолда мурожаат қилишлари, қисқа муддатларда тегишли экспертиза хулосаларини олишлари мумкин. Энг муҳим жиҳати, мурожаатчи онлайн равишда аризанинг ҳар бир босқичини мониторинг қилиши учун имконият яратилган. Навбатдаги модул қурилиш соҳасида кўрсатиладиган электрон хизматларни мониторинг қилиш ва ҳар бир объект кесимида босқичма-босқич амалга оширилган ишлар тўғрисидаги маълумотларни ўзида жам қилган “Мақсадли дастурлар мониторинги” электрон тизимидир. Ушбу тизим орқали “Шаффоф қурилиш” тизими қошидаги бошқа тизимлар ҳамда тегишли вазирлик ва идоралар ахборот тизимлари билан интеграция қилиниши ҳисобига амалдаги муаммоларни ечиш имконияти пайдо бўлди.
Шаҳноза Маматуропова, ЎзА