Қозоғистон раҳбари Қосим-Жомарт Тоқаев биринчи Президентнинг 1997 йил пойтахтни кўчириш ташаббусини тўғри қарор, деб ҳисоблайди. У Нурсултон Назарбоевнинг янги шаҳарни бунёд этиш ва ривожлантиришга қўшган ҳиссасини муносиб баҳолашга чақирди.

“Бу халқимиз келажагини ҳар томонлама олдиндан белгилаб берган муҳим, тарихий, вақтида қабул қилинган қарор эди. Биринчи Президентнинг ташаббуси янги миллий ғояга айланди. Албатта, бу миллий манфаатимизга тўла мос келди. Шунинг учун Назарбоевнинг айни жараёнга қўшган ҳиссасини адолатли баҳолаймиз”, деди Тоқаев.

Давлат етакчиси “пойтахтни кўчириш қарори осон кечмагани”ни таъкидлади. “Кўп иш қилинди. Мамлакат учун оғир давр эди: иқтисодий таназзул хавф солиб турар, одамлар бозор муносабатига тайёр эмас эди”, деди у.

“Шундай оғир паллада Назарбоев ташаббуси билан 1994 йил 6 июль куни Олий кенгаш (парламент) пойтахтни Оқмола шаҳрига ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилди. Расмий равишда Оқмола 1997 йил 10 декабрда мамлакатнинг бош шаҳрига айланди. 1998 йил 6 майда эса Оқмола Остонага ўзгартирилди”, қайд этди Тоқаев.

ЎзА