БМТ инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Фолькер Тюрк Кенгашнинг 53-сессиясида чиқиш қилиб, жаҳон ҳамжамиятини ер юзида борган сари долзарб тус олаётган очлик муаммосини ҳал қилишга чақирди. У тезроқ “яшил” иқтисодиётга ўтиш ва қазиб олинадиган ёнилғидан босқичма-босқич воз кечиш зарурлигини алоҳида таъкидлади.
Женева сессиясида иқлим ўзгаришининг инсон ҳаётига салбий таъсири муҳокама қилинган. Тюрк эслатишича, 2000-2023 йиллар оралиғида иқлим ўзгариши омили билан боғлиқ глобал кўламда юз бераётган табиий офатлар 134 фоиз кўпайган.
– 2021 йил 828 миллиондан зиёд киши очарчилик муаммосига дуч келган. Ҳисоб-китобга кўра, иқлим ўзгариши натижасида асримиз ўрталарига келиб, бу сафга яна 80 миллион киши қўшилиши эҳтимоли кучли, – дейди Тюрк. – Улар даҳшатли муҳтожлик, иложсизлик шароитига тушиб қолади.
Ҳозир экстремал об-ҳаво ҳодисаси салбий оқибати озиқ-овқат хавфсизлигини юзага келтирмоқда. Озиқ-овқат маҳсулотлари билан боғлиқ кескинлик Африка, Осиё, кичик орол давлатлар ҳамда Марказий ва Жанубий Америка мамлакатларида, айниқса, кучли сезилади.
– Глобал исиш тезлашган сари салбий таъсир кучайиб боради ва жадаллашади, ҳеч бир мамлакат оқибатдан четда қолмайди, – огоҳлантиради олий комиссар.
Фолькер Тюрк фикрича, вазият ёмонлашувига йўл қўймаслик учун қазиб олинадиган ёнилғи соҳасига бемаъни субсидия ажратишни бас қилиш ҳамда босқичма-босқич “яшил” иқтисодиётга ўтиш лозим. У экологик инқирознинг асосий юки қашшоқ мамлакатлардаги болалар зиммасига тушаётганига эътибор қаратди. Яъни, бундан аввало аҳолининг энг заиф қатлами жабр кўрмоқда. Нафсиламбрни айтганда, иқлим ўзгариши тенгсизлик ва камситишни кучайтиради, маҳаллий халқлар, озчилик гуруҳлар, ногирон болалар ва айниқса қизлар зўравонлик, зуғум таҳдиди остида қолади.
БМТ сссиясида сўзга чиққан бошқа иштирокчилар озиқ-овқат саноати иқлимга салбий таъсир кўрсатаётгани, атроф-муҳит деградациясини кучайтираётганидан хавотир билдирган. Ҳукуматларни қишлоқ аҳолиси ва кичик фермерларни қўллаб-қувватлашга йўналтирилган қишлоқ-озиқ-овқат тизимини ўзгартиришга чақирган.
Жаҳон озиқ-овқат дастурининг Женевадаги идораси директори Гиан Карло Сирри таъкидлашича, 3,6 миллиард одам ёки дунё аҳолисининг 40 фоиздан ортиғи экстремал иқлим ҳодисасига мойил ҳудудда истиқомат қилмоқда.
Экспертлар таъкидича, йилдан-йилга кучайиб бораётган иқлим билан боғлиқ табиий офатлар сони 2030 йилга бориб 30 фоиз ошиб, йилига 560 марта шундай ҳодиса кузатилади. Фаол ҳаракатлар иқлим ўзгаришининг инсонга таъсирини юмшатишда муҳим аҳамиятга эга, дейди маърузачилар.
Шунингдек, табиий офатдан эрта огоҳлантириш тизимини жорий этиш ҳам ўта долзарб экани алоҳида қайд этилган.
Жами аҳолининг 6,2 фоизини ташкил этувчи маҳаллий халқлар дунё биологик хилма-хиллигининг 80 фоизини сақлашга ҳисса қўшмоқда, дейди сўзга чиққан экспертлардан бири. Маҳаллий ҳамжамиятнинг билими, тажрибаси ва амалиёти иқлим барқарорлигини таъминлаш, мавжуд инқирозни бартараф қилишга сезиларли кўмак беради. Бинобарин, шуни ҳам тан олиш керакки, маҳаллий халқлар учун кенгайиб бораётган инқирозга дош бериш тобора қийинлашмоқда. Иқлимшунослар айтишича, жараён шу зайл давом этса, аср охирига келиб, ўртача ҳарорат Цельсий ўлчови бўйича 3 даража кўтарилади ва сайёрамиз таниб бўлмас даражада ўзгаради.
Демак, атроф-муҳит бузилишини тўхтатиш, оммавий очарчиликнинг олдини олиш учун халқаро ҳамжамият бирлашиб, зудлик билан зарур чора-амалларни кўриши керак.
С.Раҳимов, ЎзА