Ўзбекистон Республикаси инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Қудратов Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки вице-президенти Людгер Шукнехт билан учрашди.
Маълумот ўрнида айтиш керак, кўптомонлама ривожланиш институти ҳисобланган, 80 дан ортиқ давлат аъзо бўлган ушбу молиявий тузилма фаолияти Осиё-Тинч океани минтақасида молиявий ҳамкорликни рағбатлантириш, Осиёда йўл, аэропорт қуришдан тортиб, алоқа антеннаси ўрнатиш ва арзон уй-жой барпо этишгача бўлган инфратузилмавий лойиҳаларни молиялаштиришга қаратилган.
Учрашувда ОИИБ билан молиявий-техник ҳамкорликни кенгайтириш истиқболи, мавжуд лойиҳаларни амалга ошириш бўйича олиб борилаётган ишларнинг бугунги ҳолати муҳокама қилинди.
Хусусан, энергетика, инфратузилмавий ривожланиш, транспорт ва тиббиёт йўналишларида умумий қиймати 2,4 миллиард доллардан зиёд 13 лойиҳани жамлаган ОИИБнинг Ўзбекистон Республикасидаги жорий инвестиция портфели салмоғи ўсишининг ижобий суръати қайд этилди.
2023 йил март ойидан буён банк томонидан энергетика лойиҳаларини ҳаётга татбиқ этиш доирасида давлат кафолатисиз 415 миллион долларлик 3 та кредит йўлаги маъқулланди.
Людгер Шукнехт мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларни юқори баҳолаб, ҳамкорликни давом эттиришга тайёрлигини таъкидлади.
– Ўзбекистон биз билан лойиҳаларнинг уч йиллик туркуми бўйича ҳамкорлик қилаётган биринчи давлат, – деди жаноб Шукнехт. – Асосий эътиборимиз, албатта, инфратузилма барпо этиш, инсон капиталини мустаҳкамлаш, хусусий секторни ривожлантириш, шунингдек, иқлим ўзгариши салбий оқибатининг олдини олиш бўйича глобал масалаларни илгари суришга йўналтиирлган. Мамлакатингиз билан самарали ҳамкорлик кўлами янада кенгайишидан манфаатдормиз.
Учрашув якуни бўйича томонлар қўшма лойиҳаларни сифатли амалга ошириш ва ўзаро муносабатнинг янги йўналишларини ишлаб чиқишга қаратилган фаол ҳамкорликни мустаҳкамлашга келишиб олдилар.
Г.Сатторова, ЎзА