Туркия ва Миср 10 йиллик танаффусдан кейин дипломатик муносабатни тўлиқ тиклаб, алоқани элчилар даражасига олиб чиқди. Бу ҳақда “Анадолу” агентлиги Туркия ТИВ матбуот хизматига таяниб маълум қилди.

Миср ҳам ушбу маълумотни тасдиқлагани тўғрисидаги баёнот мамлакат ТИВ расмий саҳифасида эълон қилинди.

– Бу қадам икки давлат ўртасидаги дипломатик муносабатни тиклашга қаратилган ва мамлакатлар, халқлар манфаати йўлидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш учун умумий қатъиятни акс эттиради, – дейилади ҳужжатда.

Анқара ва Қоҳира муносабати 2013 йил Миср Президенти Муҳаммад Мурсий ҳокимиятдан ағдарилгандан кейин ёмонлашган. Шундан кейин ҳар икки давлат ўзаро элчиларни чақириб олган.

2022 йил ноябрь ойида Қатарда бўлиб ўтган футбол бўйича жаҳон чемпионати очилиши маросимида Президентлар Режеп Таййип Эрдоған ва Абдулфаттоҳ ас-Сиси қисқа суҳбатлашиб олган эди.