Тўхтовсиз ёмғир ёғиши оқибатида Япония жанубидаги Кюсю вилояти ҳукумати бир неча ҳудуд эвакуация қилинишидан огоҳлантирди. “NHK” телеканали маълум қилишича, Кумамото, Фукуока, Оита, Миязаки, Сага ва Ямагути музофотларида кўчки хавфи ниҳоятда юқори.
Аввалроқ “AFP” агентлиги эҳтимолий кўчирилишдан огоҳлантириш мамлакат ғарбидаги икки миллионга яқин одамга таъсир қилганини ёзган. Хусусан, Фукуока жануби-ғарбидаги Курумэ шаҳрининг 115 минг ва Кумамото шаҳрининг 360 минг аҳолиси эвакуацияга тайёргарликни бошлаб юборган.
Ноқулай об-ҳаво туфайли қатор ҳудудларда инфратузилма шикастланган. Кун чиқар юрт ғарбидаги Ямагути вилоятида кучли ёмғир пайти темир йўл алоқаси узилган. Минэ шаҳрида эса дарё устидан ўтувчи темир йўл кўприги қулаб тушган.
Япония жанубий-ғарбида ҳар йили ёзда кучли ёмғир ёғади, дарёлар тошади, кенг ҳудудларни сув босади. Кўчкилар одамлар қурбон бўлишига олиб келади.
Миллий метеорология хизмати кучли ёмғир 4 июль куни ҳам давом этишидан огоҳлантирди.