Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат академик мусиқали театрида 30 июнь – Ёшлар куни муносабати билан “Янги Ўзбекистон ёшлари, бирлашайлик!” шиори остида тадбир бўлиб ўтди.

Унда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси  А.Оринбаев давлатимиз раҳбарининг Ўзбекистон ёшларига байрам табригини ўқиб эшиттирди ва иштирокчиларни «Ёшлар куни» билан муборакбод этди.

Таъкидланганидек, ушбу сана том маънода ёшларнинг севимли байрамига айланди. Энг асосийси, “Ёшлар ойлиги” доирасида ташкил этилган тадбирлар минглаб ёшларни бирлаштирди.   Жумладан,   жойларда    ўтказилган  турли  маънавий-маърифий  тадбирлар, спорт мусобақалари ёшларда катта қизиқиш уйғотди.

Байрам арафасида мамлакатимизда барча соҳаларда амалга оширилаётган ислоҳотларда алоҳида фаоллик кўрсатиб, ўзининг билим ва қобилияти, интилувчанлиги, ташаббускорлиги ва самарали меҳнати билан Ватанимиз тараққиётини юксалтириш, Янги Ўзбекистоннинг халқаро миқёсдаги обрў-эътиборини янада оширишга катта ҳисса қўшиб келаётган бир гуруҳ ёшлар “Мард ўғлон” давлат мукофоти билан тақдирланди. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ёшлар куни» муносабати билан юртимизнинг фаол ва ташаббускор ёш авлод вакилларидан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида” ги фармони билан 38 нафар йигит-қиз “Келажак бунёдкори” медали соҳиби бўлди. Улар орасида қорақалпоғистонлик ёшлар ҳам бор.

Тадбир якунида бир гуруҳ фаол ёшларга “Умид учқуни” кўкрак нишони, фахрий ёрлиқлар ҳамда эсдалик совғалари топширилди. Тантанали тадбир санъат усталарининг концерт дастури билан давом этди.

Довуд АБИБУЛЛАЕВ, ЎзА