Польшанинг Краков ва Малопольска шаҳарларида ўтган 3-Европа ўйинларида миллий спортимиз кўрки бўлган кураш тақдимоти бўлиб ўтди.

Кўҳна қитъанинг 50 га яқин давлати спортчилари иштирокида ўтган ўйинлар доирасидаги мазкур тақдимот Европа очиқ чемпионати шаклида ташкил этилди.

Халқаро кураш ассоциацияси, Европа кураш конфедерацияси ҳамда Ўзбекистон кураш федерацияси, шунингдек, юртимизнинг Польшадаги элчихонаси ҳамкорлигида ўтказилган очиқ чемпионатда европалик донгдор полвонлар иштирок этди.

Тақдимот аввалида кураш бўйича ўқув-семинар машғулотлари уюштирилди. Унда полвонлар ва уларнинг мураббийларига кураш қоидалари, беллашувларни баҳолаш мезонлари тушунтирилди.

Бундан ташқари, тадбир давомида матбуот анжумани ташкил этилиб, оммавий ахборот воситаларига курашнинг дунёдаги ривожи, Олимпиада ўйинлари дастуридан ўрин олиши йўлида амалга оширилаётган ишлар хусусида маълумот берилди.

Мукофот жамғармаси 7000 евродан иборат Европа очиқ чемпионатида эркак ва аёллар мутлоқ вазн тоифасида баҳсларга киришди. Қизғин ва муросасиз беллашувлар натижаларига кўра, аёллар ўртасида ғолиблик польшалик Сандра Лискумга насиб этди. Шоҳсупанинг иккинчи поғонасини литвалик Раналда Зубависени эгаллади. Бельгиялик Викториа Болохан ҳамда руминиялик Александра Лорена 3-ўринни қўлга киритди.

Эркаклар ўртасидаги рақобатда латвиялик Викторс Реско олтин медалга сазовор бўлди. Сербия вакили Александар Калабиc кумуш, македониялик Бобан Данов ҳамда мезбонлар вакили Вожcэчказимиерз Кордя бронза медалига эга чиқди.

Мусобақа ғолиб ва совриндорлари ташкилотчилар томонидан пул мукофотлари ва фахрий ёрлиқлар билан тақдирланди.

Кураш тақдимоти доирасида миллий ҳунармандчилик намуналари намойиш этилди. Тўкин дастурхон ёзилиб, ўзбекона палов тортилди. Таниқли эстрада хонандалари томонидан ижро этилган куй ва қўшиқлар йиғилганларга кўтаринки руҳ бағишлади.

Польшада ўтган 3-Европа ўйинлари доирасидаги кураш мусобақалари миллий спортимиз ривожида янги саҳифа очганлиги билан аҳамиятли бўлди.

 

Т.Рўзиев,  

ЎзА