Франция Президенти Эммануэль Макрон Вазирлар Маҳкамаси аъзоларига мамлакатда 27 июндан бери давом этаётган тартибсизлик сабабини “тўлиқ ўрганиш” бўйича кўрсатма берди. Бу ҳақда “BFM TV” хабар берди.

Якшанба куни кечқурун Елисей саройида бошланган тартибсизликни бартараф этиш бўйича тезкор штаб йиғилишида давлат раҳбари “Францияда нима бўлганини тушуниш учун узоқ муддатга мўлжалланган пишиқ-пухта ахборот-таҳлилий ишни бошлаш” ва “бу ҳодисанинг қўзғалиш сабабини ўрганиш” талабини қўйган.

Таъкидланишича, бу учрашув давлат етакчисининг аввалдан белгилаб қўйиладиган иш жадвалида қайд этилмаган.

Макрон ички ишлар вазири Жеральд Дарманен ва Адлия вазирлиги раҳбари Эрик Дюпон-Мореттига юзага келган вазиятни жиловлаш учун барча зарур чоралар кўриш вазифасини юклатди.

Телеканал ўз ахборотида унинг “Ҳукумат полиция ва жандармерия томонида бўлади”, сўзларини иқтибос қилиб келтирган.

27 июнь куни полиция талабига бўйсинмаган 17 ёшли ҳайдовчи Ноил Мерзук отиб ўлдирилиши муносабати билан, мана, бешинчи кундирки, мамлакатда норозилик акцияси давом этмоқда. 2 июль куни тартибсизликда чоғидаги номақбул ҳаракати учун 719 фуқаро, жумладан Парижда 194 киши қўлга олинган.