1 июлдан бошлаб Қозоғистонда тўрт кунлик иш ҳафтаси жорий этилди. Бу ҳақда республика Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги маълум қилди.

Таъкидланишича, беш кунлик ва тўрт кунлик иш ҳафтаси иш берувчи ва ходим ўртасидаги келишувга биноан алмашиб туради.

– 1 июлдан бошлаб жорий қилинган иш тартиби томонлар келишувига кўра амал қилади, – дея ўзгаришга изоҳ берди вазирлик вакили Шалкар Оразбеков. – Агар ишлаб чиқариш жараёни имкон берса, ҳар қандай компания ушбу тартибни йўлга қўйиши мумкин. Бу қоидани мажбурий қилиб қўя олмаймиз.

Қўшимча қилинишича, Меҳнат кодекси томонлар манфаати мутаносиблигини таъминлайди. Давлат минимал кафолатни беради. Қолгани жамоавий меҳнат муносабати доирасида ҳал этилади.

Тўрт кунлик режим меҳнат таътилига, иш стажига таъсир қилмайди, дея тахмин қилинмоқда.

Якшанба дам олиш куни. Иккинчи ёки учинчи дам олиш куни жамоа шартномаси ёхуд меҳнат қоидалари билан тартибга солинади.

ЎзА