Республика ишчи гуруҳининг ўрганишлари доирасида Ички ишлар вазири, генерал-лейтенант Пўлат Бобожонов бошчилигида ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш, ички ишлар органлари ходимлари ўртасида хизмат интизоми ҳамда қонунийликка риоя этилиши бўйича видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди.

Йиғилишда Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги раҳбарияти, шаҳар ва туман раҳбарлари ҳамда ўринбосарлари иштирок этди.

Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 30 март ҳамда 12 июндаги Қорақалпоғистонга ташрифи давомида ҳудуднинг ижобий тажрибасини яратиш, ижтимоий профилактика фаолиятини амалиётга кенг татбиқ этиш бўйича берган топшириқлари ижроси таҳлил қилинди.

Ўрганишлар жараёнида мутасадди раҳбарлар асоссиз хотиржамликка берилиши, ташаббускорлик етишмаслиги оқибатида баъзи бир турдаги жиноятлар кўрсаткичи ошганлиги кузатилди. Хусусан, содир этилган жиноятларнинг 33 фоизи Нукус шаҳрига тўғри келиши, Нукус шаҳри ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари А.Солиев ўзига бириктирилган 39 нафар муаммоли ёшдан атиги 14 нафари билан суҳбатлашганлиги танқид қилинди. Ишчи гуруҳ раҳбари томонидан бошқармада соғлом иш муҳитини яратиш бўйича топшириқлар берилди.

Шу билан бирга, мурожаатлар билан ишлаш аҳволи, муаммоли фуқаролар бўйича профилактика инспекторлари томонидан хулоса бериш, ишсизлар ва соғлигини йўқотган шахслар билан ҳамда низоли оилалар билан манзилли ишлаш аҳволи қониқарли эмаслиги қаттиқ танқид қилинди. Ҳудудларда тунги хизматга бириктирилган ходимларни назорат қилиш йўлга қўйилмаганлиги, жамоатчилик назорати масканлари фаолияти тўхтаб қолганлиги таъкидланди.

Наркомания йўналиши бўйича натижадорлик қониқарли эмаслиги танқид қилинди. Хусусан, психотроп моддалар тарқалишининг олдини олиш бўйича аниқ режа, муросасизлик асосида иш олиб борилмаётганлиги шулар жумласидандир. Фаолияти давомида камчиликка йўл қўйганлиги учун Чимбой, Шуманай туман ИИБ бошлиқлари ҳамда Шуманай, Беруний туманлари ИИБ бошлиқларининг биринчи ўринбосарларига “ҳайфсан” эълон қилиниб, бир гуруҳ раҳбарлар огоҳлантирилди.

Қорақалпоғистон Республикасида ташкил этилган Жанубий ва Шимолий минтақавий ҳудудлар фаолиятининг самарадорлигини ошириш мақсадида ИИВ ташкилий департаменти бошлиғи ўринбосарига минтақа фаолиятини доимий таҳлил қилиш, замонавий методларни жорий этиш бўйича минтақа раҳбарларига қўлланмалар ишлаб чиқиб, амалиётга татбиқ этиш вазифаси топширилди. Хизмат интизоми ва Президент қарорларининг ижроси қатъий таъминланиши бўйича вазир ўринбосари ҳамда соҳавий хизмат раҳбарларидан иборат ишчи гуруҳ тузилиб, назорат ўрнатилиши белгиланди.

Шундан сўнг, Қорақалпоғистон Республикасини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича сектор раҳбарлари иштирокида амалга оширилган ишлар юзасидан семинар йиғилиш бўлиб ўтди. Республика идоралараро ишчи гуруҳининг ўрганишлари доирасида амалга оширган ишлар ва аниқланган камчиликлар таҳлил қилинди.

Ўрганишлар жараёнида аҳоли муаммоларини ҳал этиш, бандликни таъминлаш, мурожаатларни бартараф этиш, нарх-наволар барқарорлигини таъминлаш, маҳаллаларда хавфсиз шароит яратиш, жамоат хавфсизлиги ва йўлларда инсон хавфсизлигини таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқий маданиятини ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Хусусан, 68 нафар сектор раҳбари, 2 минг 260 маҳалла бешлигига аҳолининг муаммоларини ҳал этиш борасида янги иш услубларини ўргатиш бўйича 58 маротаба ўқув-амалий семинар ўтказилди. Олийгоҳларда 1 минг 312 нафар талаба орасида ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш, жиноятчиликка қарши курашиш ва ёшларни диний экстремизм оқимларидан асраш бўйича ҳуқуқий тарғибот тадбирлари ўтказилди. Деҳқон бозорлари ва шифохоналарда аҳолини жиноятлардан огоҳлантириш мақсадида 3 минг 855 дан ортиқ буклет тарқатилди, 15 “қизил” тоифадаги маҳаллада жиноятчиликнинг олдини олиш бўйича муҳокамалар ўтказилди. Бевосита маҳаллаларга борган ҳолда аҳолининг кайфиятини кўтариш бўйича комплекс чора-тадбирлар амалга оширилиб, кам таъминланган ва ижтимоий ёрдамга муҳтож 988 оила ўрганилди.

Улардан келиб тушган 411 мурожаатдан 356 тасининг ҳал этилиши таъминланди, қолган 55 таси ижро учун сектор раҳбарларига топширилди.
Маҳаллаларда 3,1 чақирим йўллар шағаллаштирилди, 1,8 чақирим йўлга асфальт ётқизилди, 3,3 чақирим йўл чизиқлари қайтадан чизилган, 8 пиёдалар ўтиш жойлари тикланиб, 31 йўл белгиси ва 1 янги замонавий светофор ўрнатилди ҳамда 4 светофор таъмирланди. Табиий газ тармоғига уланмаган маҳаллалар аҳолисига 3 минг 271 суюлтирилган газ баллони тарқатилди. 5 минг 215 нафар фуқаро сайёр тиббий кўрикдан ўтказилиб, 536 нафар касалга тиббий хизмат, 344 нафар қарияга ижтимоий ёрдам кўрсатилди.

Жорий йилда 7 меҳнат ярмаркаси ташкил этилиб, 23 нафар фуқаронинг бандлиги таъминланди, 11 нафар ишсиз доимий иш ўринларига, 12 нафари эса ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жалб этилди. Маҳаллаларда 16 сайёр қабул ўтказилиб, 162 мурожаат ҳал этилди, 972 нафар фуқарога сайёр давлат хизмати кўрсатилди.

Саккиз нафар алимент тўловчи қарздорлар иш билан таъминланди, 154 нафар шахсдан 128 миллион 668,5 минг сўм миқдорида алимент пули ундириб берилди. Алимент тўлашдан бўйин товлаган 3 нафар шахс маъмурий жавобгарликка тортилди.

Профилактика инспекторлари томонидан 2 минг 968 хонадон ўрганилиб, 38 ҳуқуқбузарлик содир этиши ёки ундан жабрланиши эҳтимоли юқори бўлган шахслар аниқланди ва уларнинг муаммолари ҳал бўлиши учун маҳалладаги бешликка бириктирилди. 69 низоли оила ўрганиб чиқилиб, 34 оилавий муаммо бартараф этилди, 16 нафар аёлга “ҳимоя ордери” расмийлаштирилди. Ички ишлар органлари раҳбарларига бириктирилган 1 минг 28 нафар “қизил” тоифадаги ёшлар билан 55 учрашув ўтказилиб, 158 нафарининг муаммолари ҳал этилди.

Криминоген вазият барқарорлигини таъминлаш мақсадида комплекс тезкор-профилактик ва махсус тадбирлар ўтказилди. Тезкор тадбирлар давомида 3 жиноий ва 7 маъмурий ҳолат аниқланди, 4 нафар қидирувда бўлган шахслар қўлга олинди, илгари содир этилган битта жиноят фош этилди.

Жамоат жойлари ва маҳаллаларда 674 “тунги патруль” гуруҳи ташкил этилиб, уларга 1 минг 354 нафар шахсий таркиб жалб этилиб, 506 маъмурий ҳуқуқбузарликлар аниқланди, 8 дона совуқ қуроли ва 2 дона ов қуроли ихтиёрий равишда топширилди. Тарғибот ишлари натижасида 38 ижтимоий соҳа объекти ҳамда 29 хонадон қўриқлаш пультига уланди. 33 нафар фуқаро якка тартибдаги тадбиркор сифатида ва 6 нафар фуқаро қайта якка тартибдаги тадбиркор сифатида ҳамда 264 нафар фуқаро ўзини-ўзи банд қилиш бўйича давлат рўйхатидан ўтказилди. Йўлларда хавфсиз тадбирларида 821 қоидабузарлик аниқланиб, маҳаллаларда, жамоат транспорти ва автохўжаликларда 40 маротаба тарғибот тадбири ўтказилди.

Довуд АБИБУЛЛАЕВ, ЎзА