Олмаота шаҳрида Марказий Осиё давлатлари ва Россия Хавфсизлик кенгаши котиблари биринчи учрашуви бўлиб ўтди, дея хабар берди ҳамкоримиз “Казинформ”.
Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тоқаев форум иштирокчиларига йўллаган видеомурожаатида бугунги вазиятда минтақа учун барқарорликни сақлаш ва хавфсизликни мустаҳкамлаш энг муҳим вазифа эканини таъкидлаган.
Мамлакат етакчиси Марказий Осиё давлатлари ва Россия Хавфсизлик кенгашлари котиблари ўртасидаги учрашувлар бу борада аниқ ёндашув ва ечимларни шакллантиришга хизмат қилишига ишонч билдирган.
Йиғилишда халқаро террор гуруҳлари, трансмиллий уюшган жиноятчилик, диний радикализм билан чамбарчас боғлиқ бўлган наркобизнесга қарши курашишга жиддий эътибор қаратиш лозимлиги қайд этилди.
– Минтақада наркотик моддалар ноқонуний айланишига қарши кураш бўйича ахборот мувофиқлаштириш маркази каби тузилмалар ҳал қилувчи рол ўйнайди. Бинобарин, марказнинг салоҳияти ҳали тўлиқ очилгани йўқ. Минтақавий хавфсизлик хатарлари Афғонистондаги вазият билан чамбарчас боғлиқ. Олмотада ташкил этилаётган БМТ минтақавий хаби фаолияти доирасида ушбу мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий шароитини яхшилаш бўйича тегишли қадамлар ташланиши мумкин, – дейилади ахборотда.
Биринчи учрашувда Хавфсизлик кенгашлари котиблари жорий халқаро вазият ва минтақа давлатлари миллий манфаатидан келиб чиққан ҳолда ҳамкорликнинг аниқ йўналишларини кўриб чиқишга келишиб олган.
Мулоқот давомида Қозоғистон томони Афғонистондаги вазиятни барқарорлаштириш, транспорт ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашни таклиф этган. Бутун экотизимни, жумладан, иқлим ўзгариши шароитида сақлаб қолиш зарурлигини ҳисобга олган ҳолда, сув хавфсизлиги масаласига алоҳида урғу берилди.