Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигининг @uza_uz телеграм канали орқали “Олий таълим муассасаларига бу йилги ўқишга қабул қилиш тартиби” мавзусида овозли чат бўлиб ўтди.
Унда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги бош мутахассиси Зафар Амирқуловнинг таъкидлашича, юртимизда кадрларга бўлган эҳтиёж ҳисобга олиниб, 2023-2024 йилда давлат олий таълим муассасаларига бакалавриат ҳамда магистратура бўйича жами 206 минг 857 та квота ажратилган. Шундан грант ўринлар 43 минг 783 та, контракт ўринлар эса 163 минг 74 тани ташкил қилади.
Бакалавриат учун бу йил жами 189 минг 727 та, шундан давлат гранти 34 минг 860 та, контракт асосида эса 154 минг 867 та этиб белгиланди. Бу йил абитуриентларимиз бакалавриатнинг барча таълим шаклларида ҳужжат топшириш имкониятига эга. Шунингдек, сиртқи, кечки ва масофавий таълим шаклларида ҳам қабул квоталари тасдиқланди.
– Магистратурага тилни билиш сертификати билан ҳужжат топшириш мумкинми?
– Бу имконият истисно тариқасида фақат январь ойидаги қабул учун белгиланган эди. 2023-2024 йилдан бошлаб, ёзги қабулимизда амалдаги тартибга кўра филология йўналишларига С1 даража ёки нофилология йўналишларга B2 даражадаги миллий ёки халқаро сертификат талаб қилинади.
Н.Раҳмонова, А.Содиқов (видео), ЎзА