Бирлашган Араб Амирлигининг Дубай шаҳрида шахмат бўйича бошланган “Global Chess League“ турнирининг 1-турида ҳамюртимиз Жавоҳир Синдоров “UpGrad Mumba Masters“ таркибида ”Triveni Continental Kings“ жамоаси вакили даниялик Ёнас Бал Беррега билан куч синашди.
Қора доналарда ҳаракат қилган Синдоров ушбу ўйинда дурангга эришди. Жамоавий тарзда кечган учрашувда “UpGrad Mumba Masters“ жамоаси Triveni Continental Kings“ вакилларини 8:7 ҳисобида доғда қолдирди.
Бугун, 23 июнь куни турнирнинг навбатдаги кунида Нодирбек Абдусатторов ўйнаётган “Balan Alaskan Knights“ жамоаси ”SG Alpine Warriors“ жамоаси билан рўбарў келади. Нодирбек мазкур қарама-қаршиликда 2-столда ҳиндистонлик Гукеш билан ким кучли эканига аниқлик киритади.
Бугун шунингдек, “Global Chess League“ турнирининг 2-турида “Balan Alaskan Knights“ ва “UpGrad Mumba Masters“ жамоалари ўзаро тўқнаш келади. Унда Абдусатторовга россиялик Александр Гришук рақиблик қилса, Синдоров ҳиндистонлик Раунак Садвани билан ўйнайди.
Дунёнинг энг кучли шахматчиларини жамлаган 6 жамоа иштирокида ўтказилаётган “Global Chess League” турнири 2 июлгача давом этади.
Т. Рўзиев, ЎзA