Давлатимиз раҳбарининг топшириғи асосида Ички ишлар вазири, генерал-лейтенант Пўлат Бобожонов бошчилигидаги идоралараро республика ишчи гуруҳи ҳудудларда бўлиб, аҳоли муаммоларини аниқлаш ва манзилли бартараф этиш, криминоген вазиятни янада барқарорлаштириш бўйича иш олиб бормоқда.

Бу жараёнда фуқаролар учун муносиб иш ва яшаш шароитларни яратиш, истеъмол бозорларида озиқ-овқат маҳсулотларининг нарх-навоси барқарорлигини таъминлашга ҳам эътибор қаратилмоқда. Аҳоли ва тадбиркорлар учун қулай шароитлар яратилмоқда.

Шу кунларда Ички ишлар вазири бошчилигидаги идоралараро республика ишчи гуруҳи Хоразм вилоятида бўлиб, вилоятдаги 531 маҳаллада ўрганиш олиб бормоқда. Аниқланаётган муаммоларни манзилли бартараф этиш чоралари кўрилмоқда.

Ўрганишлар жараёнида асосий эътибор аҳолини ташвишга солаётган долзарб кундалик ижтимоий-маиший муаммоларга жойида ечим топиш, таълим, тиббий хизмат кўрсатиш, бандлик, даромад манбаини яратиш ва бошқа йўналишларда сектор раҳбарларининг амалга ошираётган ишларини янада жадаллаштиришга қаратилмоқда.

“Обод ва хавфсиз маҳалла” тамойили асосида маҳалла фуқаролар йиғини раиси, профилактика инспектори, ҳоким ёрдамчиси, хотин-қизлар фаоли ва ёшлар етакчисининг маҳаллаларда осойишталикни таъминлаш бўйича янгича ишлаш тизимини амалиётга кенг татбиқ этишга қаратилган фаолияти таҳлил қилинмоқда.

Эллик нафардан ортиқ туман-шаҳар сектор раҳбарлари ҳамда уч минг нафарга яқин маҳалла бешлигига аҳолининг муаммоларини ҳал этиш борасида янги иш услубларини ўргатиш бўйича ўқув-амалий семинарлар ўтказилди. Ёшлар орасида ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш, жиноятчиликка қарши курашиш ва уларни диний экстремизм оқимларидан асраш бўйича ҳуқуқий тарғибот тадбирлари ўтказилди.

ИИВ ахборот хизматининг хабар беришича, ижтимоий ҳимоя йўналишида кам таъминланган ва ижтимоий ёрдамга муҳтож мингдан ортиқ оила ўрганилиб, улардан келиб тушган 543 мурожаатнинг 359 таси жойида ҳал этилди. Қолган мурожаатлар ижро учун сектор раҳбарларига топширилди.

“Хива мурувват ногиронлиги бўлган шахслар учун эркаклар интернат уйи”да қариялар ва “Оилавий болалар уйлари”да етим болалар ҳолидан хабар олиниб, маданий тадбирлар ташкил этилди.

Аҳолини энергия ресурслари билан мунтазам таъминлаш йўналишида маҳаллаларда 143 кўп қаватли уйда ертўла, том қисми ва коммуникация тизими таъмирланиб, электр, табиий газ, оқова ва ичимлик суви тармоғидаги носозликлар бартараф этилди. Электр энергияси барқарорлигини таъминлаш мақсадида 2,9 км. кабель тортилди, 24 та таянч устун ўрнатилди, 4 та трансформатор таъмирланди.

Маҳаллалар ҳудудидан ўтган ички ариқлар ва каналларнинг қирғоқлари тозаланиб, маиший чиқиндилар олиб чиқилди. Тўрт километрдан ортиқ йўллар шағаллаштирилди, 3,8 км. асфальт ётқизилди, йўл чизиқлари қайтадан чизилди. Пиёдалар ўтиш жойлари тикланиб, йўл белгилари ўрнатилди ва янги замонавий светофорлар ўрнатилди. Табиий газ тармоғига уланмаган маҳаллалар аҳолисига 6,5 мингдан ортиқ суюлтирилган газ баллони тарқатилди.

Аҳоли саломатлигини яхшилаш мақсадида етти минг нафардан ортиқ фуқаро сайёр тиббий кўрикдан ўтказилди. 908 нафар касалланган фуқарога  тиббий хизмат, 426 нафар қарияга ижтимоий ёрдам кўрсатилди. Соғлиғида муаммоси бўлган 1 минг 652 нафар фуқарога жойига чиққан ҳолда бепул дори-дармон, ногиронлик аравачалари, эшитиш мосламалари ва бошқа анжомлар тарқатилди. Олтмиш нафарга яқин фуқарога даволаниш учун йўлланма, саксон нафарга яқин фуқарога эса санаторийларга йўлланма берилди.

Бозорлар ва олис маҳаллаларда озиқ-овқат ярмаркалари ташкил этилиб, аҳолига икки юз тоннага яқин маҳсулот арзонлаштирилган нархда сотилиши таъминланди.

Меҳнат ярмаркалари ташкил этилиб, 39 нафар фуқаронинг бандлиги таъминланди. 22 нафар ишсиз шахс доимий иш ўринларига, 17 нафари эса ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жалб этилди.

Маҳаллаларда ўн бешга яқин сайёр қабул ўтказилиб, 205 мурожаат ҳал этилиб, мингдан ортиқ фуқарога сайёр давлат хизматлари кўрсатилди.

Шунингдек, ўн беш нафарга яқин алимент тўловчи қарздорлар иш билан таъминланиб, уч юз нафардан ортиқ шахсдан 1,5  миллиард сўмга яқин миқдордаги алимент пули ундириб берилди.

Профилактика инспекторлари томонидан етти мингдан ортиқ  хонадон ўрганилиб, уларнинг муаммоларини ҳал этиш учун маҳалладаги масъулларга бириктирилди. Шундан юзга яқин низоли оиланинг муаммолари бартараф этилди, 9 нафар аёлга “ҳимоя ордери” расмийлаштирилди. Ички ишлар органлари раҳбарлари ва ёшлар ўртасида йигирмага яқин учрашув ташкил этилиб, уч мингдан ортиқ ёшнинг муаммолари тингланди ва  муаммоларини жойида бартараф этиш чоралари кўрилди.

Криминоген вазиятни янада барқарорлигини таъминлаш мақсадида комплекс тезкор-профилактик ва махсус тадбирлар ўтказилди. Ўтказилган тадбирлар давомида 6 та жиноий ва 13 та маъмурий ҳолат аниқланди. Бир  нафар қидирувда бўлган шахс қўлга олинди, илгари содир этилиб, очилмаган битта жиноят фош этилди.

Ноқонуний гиёҳванд моддалар олди-сотдиси билан боғлиқ учта ҳолат, пора олиш, фирибгарлик билан боғлиқ учта жиноят ҳамда икки дона таъқиқланган диний материалларни тарқатиш ва икки дона ноқонуний диний таълим бериш бўйича маъмурий ҳолатлар аниқланиб, ҳуқуқий баҳо бериш учун тергов органларига юборилди.

Республика ишчи гуруҳининг ўрганиш ҳамда амалий ёрдам кўрсатиш ишлари давом этмоқда.

 

Н.Абдураимова, ЎзА